Андижон вилоятида "Ёшлар орасида гиёҳвандлик воситаларининг тарқалишига қарши кураш" ойлиги ўтказилмоқда.
Вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги Наркотик моддаларни назорат қилиш минтақавий комиссияси ташаббуси билан февраль – "Ёшлар орасида гиёҳвандлик воситаларининг тарқалишига қарши кураш" ойлиги, деб эълон қилинди. Ойлик доирасида вилоятдаги олий ўқув юртлари талабалари, касб-ҳунар таълими муассасалари ҳамда умумтаълим мактаблари ўқувчилари иштирокида давра суҳбатлари, учрашув ва танловлар бўлиб ўтмоқда.

Ўтказилаётган тадбирларда ички ишлар бошқармаси ходимлари, шифокорлар, маҳалла имомлари, фаоллари иштирок этиб, ёшларга гиёҳвандлик иллатининг инсон онгига, жамият тараққиётига кўрсатадиган салбий таъсири, унинг олдини олиш бўйича тушунча, маълумот ва тавсиялар бермоқда. Шунингдек, мазкур йўналишдаги тарғибот ишлари самарадорлигини кучайтириш лозимлиги алоҳида қайд этилмоқда.
Андижон иқтисодиёт ва қурилиш институтида ИИВ Тезкор қидирув департаменти Жиноят қидирув хизмати, Андижон вилояти ИИБ Тезкор қидирув хизмати Жиноят қидирув бошқармаси ҳамда бошқа ҳамкор ташкилотлар вакиллари қатнашган тадбирда талаба ёшларга мавзу доирасида кенг маълумотлар берилди. Талабалар томонидан гиёҳвандлик иллатининг аянчли оқибатлари акс эттирилган саҳна кўриниши намойиш этилди.

– Юртимизда ёшларнинг ўқиши, касб-ҳунар эгаллаши, ўз салоҳиятини тўлақонли юзага чиқариши, бўш вақтини мазмунли ўтказиши учун кенг имкониятлар яратиб берилишига қарамай, улар орасида турли иллатлар, айниқса, гиёҳвандлик таъсирига тушиб қолаётган ёшларнинг борлиги барчамизни ташвишга солади, – дейди вилоят халқ таълими бошқармаси бўлим бошлиғи Шоҳидахон Юнусова. – Гиёҳвандлик балоси домига тушиб қолишга мойиллиги бор юртдошларимиз, айниқса, ёшларимизни ана шу балодан асраш, бу борада ҳуқуқ-тартибот идоралари, кенг жамоатчилик билан ҳамкорликда олиб бориладиган тарғибот ишлари, албатта, ўзининг ижобий самараларини беради.
Марҳамат туманидаги 31- давлат ихтисослаштирилган мактаб-интернатида бўлиб ўтган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати чегара кушинлари ҳарбий кисм аскарлари томонидан ўқувчиларга гиёҳвандлар моддаларни чегарадан ўтказишга қарши кураш доирасида олиб бориладиган махсус ҳаракатлардан намуналар намойиш этиб берилди.

Вилоятнинг барча туман ва шаҳарларидаги умумтаълим мактабларида бўлиб ўтаётган давра суҳбатларида гиёҳвандликнинг инсон саломатлигига, руҳиятига, турмуш тарзига салбий таъсири, ушбу иллат охир-оқибат кишини жарликка қулатиши, жамиятни парокандаликка олиб келиши ҳаётий мисоллар асосида тушунтириб берилмоқда.
– Тадбирда иштирок этган биз ёшлар гиёҳвандликнинг оқибатлари, у инсонни ҳалокатга олиб борувчи иллат эканлиги ҳақида кўп маълумотлар олдик, – дейди Марҳамат туманидаги 24-умумтаълим мактаби ўқувчиси Райҳона Сотволдиева. – Тенгдошларимга ана шу иллатнинг салбий оқибатлари ҳақида гапириб бераман, бундан буён гиёҳвандликка қарши кураш доирасидаги ишларда фаол иштирок этаман.
Хўжаобод туманидаги 21- умумтаълим мактабида ойлик доирасидаги расмлар танловида ўқувчилар гиёҳвандлик, унга қарши курашиш мавзусидаги расмлари билан иштирок этди.
Ўтказилаётган тадбирлар иштирокчилар, хусусан, ёшларнинг гиёҳвандлик салбий оқибатлари ҳақидаги билим ва тушунчаларини бойитиш билан бирга, ана шу иллатга нисбатан муросасиз курашишга ундамоқда.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ,
З. УМРЗОҚОВ (сурат),
ЎзА