Баъзи бир инсонлар ўзига берилган ҳаётнинг қадрига етмасдан аччиқ қисмат йўлини танлайди. Гиёҳвандликка берилгани эса янада оғир. Фарғона шаҳрида яшовчи Убайдулло Ўринбоев ҳам муқаддам судланиб, енгиллик берилган бўлсада, бундан хулоса чиқармаган кўринади.
Уч нафар фарзанднинг отаси бўлган бу шахс гиёҳванд моддалар истеъмол қилиш ва сотиш билан шуғулланиб келган. У шаҳардаги “Бешбола” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган дала майдонидаги “наша” ўсимлиги баргларидан териб олиб, “гашиш” гиёҳвандлик воситасини тайёрлаган. Уни сотиш мақсадида сақлаб келган.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар томонидан ўтказилган тадбирда унинг қилмиши фош бўлди. Убайдулло шаҳардаги чойхона олдида махсус харидорга 7 бўлакдан иборат жами оғирлиги 1 килограммдан ортиқ бўлган гиёҳвандлик воситасини 10 минг АҚШ долларга сотган вақтида ушланди. Тезкор тадбирда гиёҳвандлик воситаси ва 10 минг АҚШ доллари ашёвий далил тариқасида олинди.
Жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар суди томонидан мазкур жиноят иши кўриб чиқилди. Суд ҳукмига кўра, У.Ўринбоевга 11 йилга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
М.Сулаймонов, ЎзА мухбири