Божхона қўмитасида “Гиёҳвандлик воситаларининг янги турлари ва уларни аниқлаш усуллари” мавзусида сайёр ўқув-семинари ташкил этилди.
Унда республикадаги наркологик вазият, янги турдаги гиёҳвандлик воситалари, кучли таъсир қилувчи моддалар турлари, кўриниши ҳамда уларни аниқлаш усуллари ҳамда божхона кўриги жараёнида эътибор қаратиш лозим бўлган жиҳатлар юзасидан интерактив усулларда машғулот ўтказилди.
Ушбу профилактик тадбирлар шу кунга қадар Тошкент вилояти ва шаҳар божхона постларида ўтказилган бўлса, эндиликда, машғулотларга республикадаги барча ходимлар жалб этилмоқда.

Маълумот ўрнида айтиш жоиз, Божхона қўмитаси ва унинг ҳудудий божхона бошқармалари тезкор тузилмалари томонидан ҳамда чегара божхона постларида ўтган йилда аниқланган жами 535 та ҳолатда оғирлиги 1 тоннадан зиёд гиёҳвандлик воситалари, хусусан 570,4 кг ва 438 литр наркотик моддалар, таркибида гиёҳвандлик моддалари бўлган 14 минг 123 дона таблетка (капсулалар), 1243 туп гиёҳвандлик ўсимликларининг ноқонуний айланмаси ва муомаласи олди олинди. Ашёвий далил сифатида олинган гиёҳвандлик воситаларининг 87 фоизини табиий турдаги, 13 фоизини эса синтетик турдаги наркотиклар ташкил этади.
Таҳлилларга кўра, Ўзбекистонга янги турдаги психофаол (альфа-ПВП, амфетамин, метамфетамин, мефедрон) синтетик наркотик воситалар кириб келиши тенденцияси ошган. Жумладан, суюқ ҳолатдаги 438 литр гиёҳвандлик воситаларининг 252 литри “метамфетамин” ва 186 литри эса “амфетамин” синтетик гиёҳвандлик воситалари. 2024 йил давомида гиёҳванд моддаларни Ўзбекистон Республикасига 13 та давлатдан контрабанда йўли билан олиб киришга бўлган уринишларга чек қўйилди. 2024 йилда Қозоғистон ва Россия божхона хизматлари билан ҳамкорликда 7 маротаба тезкор тадбирлар ўтказилиб, 32 нафар наркожиноятчи ва 19,2 кг “синтетик” гиёҳвандлик моддалари ушлаб қолинган. Ашёвий далил сифатида олинган таблеткалардан 96 фоизининг таркибида Ўзбекистон Республикасида муомаласи чекланган “тапентадол” гиёҳвандлик моддаси бўлган “Tawon Liar” номли биологик фаол қўшимчаси аниқланган.

Яна бир маълумот, республикамиз божхоначилари 2024 йилда аниқланган 553,6 минг донадан зиёд таблетка кўринишидаги, шунингдек, 16,3 кг.дан зиёд оғирликдаги ҳамда 90 дона ампула кўринишидаги психотроп ва кучли таъсир қилувчи моддаларнинг ноқонуний айланмасига чек қўйишди.
Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 4 октябрдаги 632-сон қарори билан “Ўзбекистон Республикасида алоҳида тоифадаги кучли таъсир қилувчи моддалар муомаласини тартибга солиш тўғрисида”ги Низом тасдиқланди.
Ҳужжатга мувофиқ, қонунчиликда алоҳида тоифадаги кучли таъсир қилувчи моддалар тушунчаси киритилди. Алоҳида тоифадаги кучли таъсир қилувчи моддаларни сақлаш, бериш, сотиш, тақсимлаш, ҳисобга олиш, йўқ қилиш ҳамда Ўзбекистон Республикасига олиб кириш, олиб чиқиш ва транзит ўтказиш тартиблари белгиланди.
Хусусан, таркибида сибутрамин, шунингдек, унинг ўхшаш психоактив таъсирга эга бўлган унинг структуравий аналоглари 2025 йил 1 январдан фақат гиёҳвандлик воситалари ва/ёки психотроп моддаларни сақлаш ва сотиш фаолияти учун лицензияга эга бўлган дорихоналар ва ижтимоий дорихоналар орқали улгуржи ва чакана реализация қилинади (сотилади).
Асосан ижтимоий тармоқларда энг кўп тарғиб қилинаётган оздирувчи қаҳвалар таркибида учраётган "Сибутрамин" моддасининг ҳаттоки 0,5 грамми кўп миқдор сифатида жиноий ҳаракатни таснифлашга етарли.
Эслатиб ўтамиз, кучли таъсир қилувчи моддаларни қонунга хилоф равишда муомалага киритганлик, шунингдек, таркибида бундай моддалар мавжуд бўлган дори воситаларини рецепт бўйича чакана реализация қилиш тартибини бузганлик учун қонунчилигимизда маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгиланган.
Ш.Маматуропова,
ЎзА