Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Гиёҳвандлик воситаларини виртуал майдонда реклама қилиш ва сотиш кўпаймоқда
18:14 / 2024-01-29

Бугунги кунда гиёҳвандлик воситаларини тарғиб қилишнинг янги усуллари пайдо бўлиб, интернет-дўкон манзилининг матни ёки графикасини чизиш орқали реклама қилиш кўпаймоқда. Шунингдек, гиёҳвандлик воситаларини ўтказиш учун мижозларни топишда ахборот технологиялари ва интернетдан фойдаланиш ҳолатлари ҳам ортиб бормоқда. Бундан ташқари, гиёҳвандлик воситаларини ўтказишда вояга етмаганлардан ҳам фойдаланилмоқда. Маълумотларга кўра, ўтган 2023 йилда психотроп моддаларни виртуал майдонда реклама қилиш ёки сотиш билан боғлиқ етти мингдан ортиқ ҳолат аниқланган.

Эндиликда “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал кодексларига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддалар, шунингдек, кучли таъсир қилувчи ва заҳарли моддаларнинг қонунга хилоф равишда муомаласига қарши курашишга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳасига асосан гиёҳвандлик воситаларини ҳамда кучли таъсир қилувчи моддаларни ОАВ, Интернет ва ижтимоий тармоқларда тайёрлаш, тарқатиш, реклама қилиш ва намойиш этиш учун маъмурий жавобгарлик, бу бир йил ичида такроран содир этилганда эса жиноий жавобгарлик белгиланмоқда. 

Ушбу қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг йиғилишида қизғин муҳокама қилинди. 

Ички ишлар вазирлиги вакилининг қайд этишича, гиёҳвандлик воситалари билан ноқонуний муомала қилиш ҳамда уларни истеъмол қилишга жалб этиш билан боғлиқ жиноятларни содир этиш учун вояга етмаган шахсни жалб қилиш ёки телекоммуникация тармоқлари, шунингдек, Интернетдан фойдаланиш ҳолатлари оғирлаштирувчи ҳолат деб топилиши ва оғирроқ жавобгарликка сабаб бўлиши мумкин. Бу борада Жиноят кодексига қўшимча жавобгарликлар киритиш назарда тутилмоқда. 

Муҳокамаларда сўз олган депутатлар бир қатор савол ва таклифларни ўртага ташлади. Жумладан, фракция аъзоси Мақсуда Ворисова лойиҳада психотроп моддаларнинг 5 та номи киритилгани, аммо буни умумий қилиб “руҳиятга таъсир қилувчи моддалар” деб қўйиш лозимлигини айтди. Чунки айни шу 5 номдан бошқа номдаги моддаларни сотиш ёки реклама қилиш ҳам мумкинлигини билдирди. Шунингдек, қуйидаги савол билан мурожаат қилди: 

– Қонун лойиҳасида юртимизнинг келажагига дахл қиладиган масала ўз аксини топган. Лойиҳанинг мазмунидан англаш мумкинки, биз оқибатга қарши курашмоқчимиз. Аммо бу моддалар сотишгача мамлакатимиз ичкарисида қаерда ишлаб чиқариляпти, қайси лабораторияларда тайёрланади, булар ўрганилганми? 

Бунга жавобан Ички ишлар вазирлиги Тезкор қидирув департаменти Жиноят қидирув хизмати бошқарма бошлиғи ўринбосари Зафар Абдухолиқов бошқарма томонидан охирги олти ойда 30 кг.га яқин синтетик-наркотик моддалар олиб қўйилгани, аниқланган ҳолатларда моддаларнинг катта қисми, яъни тахминан 90 фоизи хорижий мамлакатлардан кириб келаётгани, юртимизда бу моддаларнинг савдоси тақиқлангани, шу кунгача мамлакатимизда бир дона бундай лаборатория аниқланганини қайд этди. 

Депутатлар қонун лойиҳасини янада такомиллаштириш юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб, уни биринчи ўқишда маъқуллади. 

Муҳтарама Комилова, ЎзА