Тошкент вилояти божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш бўлими ходимлари томонидан ДХХ ва ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда гиёҳвандлик воситаларининг интернет-дўконлар орқали сотилиши ҳамда “закладка” усулида тарқатилишига қарши қаратилган тезкор тадбир ўтказилди.
Мазкур жараёнлар Тошкент шаҳрининг Яшнобод ҳамда Мирзо-Улуғбек туманларида ўтказилди. Унда фуқаронинг кўрсатмаси асосида Мирзо-Улуғбек туманида жойлашган деҳқон бозори ҳожатхонаси кўздан кечирилиб, бино ортига яшириб қўйилган, оғирлиги 20 грамм бўлган “гашиш” гиёҳвандлик воситаси аниқланди.

Тезкор тадбирлар давом эттирилиб, мазкур шахснинг жиноий шериги Мирзо-Улуғбек тумани Олмачи маҳалласи ҳудудида қўлга олинди. Ушбу фуқаронинг шахсий кўриги чоғида ўнг чўнтагидан оғирлиги 11 граммни ташкил этувчи “гашиш” гиёҳвандлик воситаси топилди.

Шунингдек, ҳудудда жойлашган хонадон кўздан кечирилганда, ошхона қисмида 2 ўрамда, жами оғирлиги 525 грамм бўлган “гашиш” гиёҳвандлик воситаси топилди. Хонадоннинг ётоқхона қисмида эса гиёҳвандлик воситаларини қадоқлашда фойдаланиладиган “зип” пакетлар, 2 дона электрон тарози, магнит мосламалари ҳамда 144 дона алоҳида қадоқланган, магнит мосламалари бириктирилган ўрамлар билан бирга, оғирлиги 276 граммни ташкил этувчи “гашиш” гиёҳвандлик воситаси фош этилди.
Айни пайтда мазкур ҳолатлар юзасидан божхона органлари томонидан терговга қадар суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
А.Мусаев, ЎзА.