Бухоро вилояти божхона бошқармасининг Контрабандага қарши курашиш бўлими ҳамда вилоят ДХХ ва ИИБ ходимларининг ўзаро ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирлари давомида бир неча ҳолатда гиёҳвандлик воситалари савдоси билан шуғулланувчи шахсларнинг фаолиятига чек қўйилди.
Дастлабки ҳолатда Бухоро вилояти Шофиркон туманида яшовчи фуқаронинг яшаш хонадони олдиндан олинган маълумотга асосан холислар иштирокида кўздан кечирилди. Натижада ушбу хонадоннинг ошхона, ётоқхона ва ертўла қисмларига беркитиб қўйилган умумий вазни 46,7 граммга тенг бўлган марихуанна гиёҳвандлик воситаси борлиги аниқланган.
Бундан ташқари, вилоятнинг Когон шаҳрида бўлиб ўтган тезкор тадбирда ҳам оғирлиги 24,85 граммни ташкил этувчи марихуанна гиёҳвандлик воситасини пуллашга уринган фуқаронинг ноқонуний хатти-ҳаракатларига чек қўйилди. Унда фуқаро Ш.Ф га тегишли бўлган “Газел” русумли автотранспорт воситаси кўздан кечирилган чоғда, ушбу автотранспортнинг бар қисмига рангсиз елим пакетга солинган гиёҳвандлик воситалари борлиги ўз исботини топди. Шунингдек, мазкур фақаронинг эгни кўздан кечирилган чоғда, ўнг чўнтагидаги пуллар орасига минг сўмлик купюрага ўралган ҳолатдаги гиёҳвандлик воситаси мавжудлиги ҳам аниқланди.
Айни дамда ушбу ҳолатлар юзасидан божхона органлари томонидан терговга қадар суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА