Гиёҳвандлик воситалари, кучли таъсир қилувчи дорилар инсон саломатлигига жиддий зарар етказиши билан бир қаторда номақбул ишлар, ҳатто жиноят содир этилишига сабаб бўлиши мумкин.
Шунинг учун тақиқланган воситалар савдоси ва тарқатилишига қарши мунтазам кураш олиб борилмоқда.
ИИВ ахборот хизмати хабарига кўра, Андижон вилояти ички ишлар органлари ходимлари ўтказган тезкор тадбирда фуқаролар Б.И., Р.Ф ва Ш.Т.лар билан биргаликда харидорга жами 210 дона “Тропикамид” номли кучли таъсир этувчи дори воситасини 1,5 минг АҚШ долларига сотаётган вақтида ушланди.
Фуқаро Б.И.нинг ёнида 5,2 грамм “гашиш” гиёҳванд моддаси ҳам борлиги аниқланди.
Фарғона вилоятида ички ишлар органлари ходимлари ўтказган тезкор тадбирда эса фуқаро Т.А. кўп қаватли уйларнинг бирида 550 минг сўм эвазига целлофан пакетга ўралган “гашиш” гиёҳванд моддасини сотган вақтида далилий ашё билан ушланган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан жиноят ишлари қўзғатилган. Бундай жиноятларни содир этганлар Жиноят кодексига мувофиқ етти йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин.
ЎзА