English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Гиёҳвандлик воситалари муомаласига барҳам берилди
16:53 / 2026-01-29

Тошкент вилояти божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш бўлими томонидан Давлат хавфсизлик хизмати ҳудудий бошқармаси ҳамда Ички ишлар органлари тезкор ходимлари билан ҳамкорликда Бекобод ҳудудида гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний муомаласига қарши қаратилган тезкор тадбир ўтказилди.

Унда олдиндан кузатувга олинган автоулов ҳаракатланиб келаётган вақтда тўхтатилиб, йўловчи сифатида кетаётган фуқародан оғирлиги 575 грамм “опий” гиёҳвандлик воситаси далил сифатида олинди. Шундан сўнг тезкор тадбирлар давом эттирилиб, гумонланувчи фуқаро Бекобод шаҳар ҳокимияти яқинида қўлга олинди. Унинг яшаш хонадони кўздан кечирилганида эса қўшимча равишда оғирлиги 1 минг 47 грамм “опий” гиёҳвандлик воситаси аниқланди.

Фуқаронинг кўрсатмаларига асосан тезкор тадбир яна давом эттирилиб, Бекобод шаҳрида жойлашган кўп қаватли уйлардан бирида махсус кучлар жалб этилган ҳолда хонадонга кирилди. Ушбу манзилда муқаддам қидирув эълон қилиниб, 2025 йил июль ойидан буён тергов органларидан яшириниб юрган фуқаролар аниқланди. Улардан оғирлиги 335 грамм “опий” гиёҳвандлик воситаси далил сифатида олинди. 

Ўтказилган тезкор тадбирлар натижасида жами оғирлиги 1 минг 957 грамм “опий” гиёҳвандлик воситаси, шунингдек, уларни тарқатиш орқали қўлга киритилган 7 минг 650 АҚШ доллари ва 10 миллион 60 минг сўм миқдоридаги пул маблағлари ашёвий далил сифатида олинди. 

Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда. 

А.Мусаев, ЎзА.