Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш бўлимининг Давлат хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги ҳамда Миллий гвардия ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирларда гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ ҳолатлар фош этилди.
Жумладан, Тўрткўл туманида яшовчи шахснинг яшаш уйи томорқасида 4 туп каннабис гиёҳвандлик ўсимлиги ҳамда уй ичида 2,26 грамм “марихуана” гиёҳвандлик воситаси аниқланди. Шунингдек Тўрткўл-Нукус йўналишидаги А-380 халқаро автомобиль йўлида Нукус туманида яшовчи Ўзбекистон фуқаросига тегишли “Chery Tiggo 7” русумли автотранспорти тўхтатилиб, кўздан кечирилганида, 2 дона гугурт қутисидан 4.18 гр “марихуана” гиёҳвандлик воситаси топилди.
“Бес-тобе” ЙПХ постида ташкил этилган тезкор тадбир давомида транспорт воситасининг олд томонида йўловчи ўриндиғининг эшик қисмида 1 дона тамаки маҳсулоти қутисида 0,15 гр “гашиш” гиёҳвандлик воситаси борлиги аниқланди. Нукус шаҳрида амалга оширилган тезкор-қидирув тадбири давомида 10,36 гр. бўлган “Марихуана” гиёҳвандлик воситасини шартли харидорга 2 миллион сўм эвазига сотаётган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинди.
Тезкор текширувлар давомида ҳар бир ҳолат бўйича жиноят иши қўзғатиш учун ҳужжатлар тайёрланди. Кўрилган тезкор чоралар натижасида ноқонуний экилган ўсимликлар ҳамда тайёр гиёванд моддалар далилий ашёлар сифатида расмийлаштирилди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА