Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш бўлими, Давлат хавфсизлик хизмати, Ички ишлар ҳамда Миллий гвардия ходимлари билан ҳамкорликда олдиндан олинган маълумот асосида гиёҳванд моддалар ноқонуний айланмасига қарши курашиш мақсадида тезкор тадбир ўтказишди.
Тадбир давомида “Тошкент-Нукус” йўналишида ҳаракатланиб келаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароси бошқарувидаги “ISUZU” русумли автотранспорт воситаси А-380 автомагистраль йўлининг Хоразм вилоятида жойлашган Тупроққалъа тумани ҳудудининг катта йўл ёқасида тўхтатилиб, кўздан кечирилди. Натижада ушбу фуқаронинг кийим чўнтагида гугурт қутисига жойланган, рангсиз целлофан пакетга ўралган тахминий оғирлиги 1,14 гр. бўлган “опий” гиёҳвандлик воситасига ўхшаш модда борлиги аниқланиб, текшириб кўриш учун вақтинча сақлашга олинди.

Яна бир тезкор ҳолатда, олдиндан кузатувга олинган Ўзбекистон Республикаси фуқароси Нукус шаҳри янги бозор ҳудудида ҳаракатланиб кетаётган вақтида тўхтатилиб, холислар иштирокида кўздан кечирилди. Натижада фуқаронинг кийим чўнтагида 1 дона рангсиз целлофан пакетга ўралган, ўрами билан тахминий оғирлиги 17,83 гр. бўлган “гашиш” гиёҳвандлик воситасига ўхшаш модда борлиги аниқланди.
Тайинланган экспертиза хулосаларига кўра, ушбу моддалар гиёҳванд воситалари эканлиги тасдиқланди.
Ҳозирда ушбу ҳолатлар юзасидан жиноят иши қўзғатилган.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири