Жорий йил 3 ноябрдаги “Аҳоли саломатлиги ва миллат генофондини гиёҳвандлик ва наркожиноятлардан самарали ҳимоя қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент фармони билан ушбу соҳада сезиларли ишлар амалга оширилмоқда.
Бу борада фармон билан тасдиқланган “Гиёҳвандлик ва наркожиноятларнинг барвақт олдини олиш ҳамда уларга қарши курашиш бўйича 2025-2026 йилларга мўлжалланган комплекс амалий ҳаракатлар миллий дастури” муҳим дастуриламал бўлаётир.
Миллий дастурда белгиланган устувор йўналишлар юзасидан Президент Aдминистрацияси раҳбари С.Мирзиёева томонидан куч тузилмалари раҳбарлари билан ўтказилган ишчи йиғилишда наркожиноятчилик, жиноий гуруҳлар ва ноқонуний қурол-яроғ айланмасига қарши курашиш бўйича мувофиқлаштирилган самарали тизимни қисқа муддатда яратиш вазифаси қўйилди.
Шундан келиб чиқиб пойтахтимизда “Гиёҳвандликка қарши курашиш: республикадаги вазият, кўрилаётган чоралар ва янги стратегиялар” мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Таҳлилларга кўра, кейинги 5 йилда Ўзбекистонда наркожиноятлар сони 2 бараварга, ноқонуний муомаладан олинган наркотиклар мусодараси 67 фоизга ошган бўлса, синтетик гиёҳвандлик воситалари мусодараси 80 бараварга кескин кўпайган.
2024 йилда ҳуқуқ-тартибот идораларининг саъй-ҳаракатлари натижасида 5 та яширин нарколаборатория фаолиятига чек қўйилган бўлса, жорий йилнинг 10 ойида ушбу кўрсаткич 12 тани ташкил этган.
Жорий йилнинг 10 ойида республикада 12 минг 848 наркожиноят аниқланиб, 2 тонна 761 килограмм наркотик, психотроп ва кучли таъсир қилувчи моддаларнинг ноқонуний муомаласига чек қўйилган ҳамда истеъмолга чиқиб кетишининг олди олинган.
Мазкур таҳдидларни бартараф этиш мақсадида гиёҳвандликнинг олдини олиш ва уюшган жиноятчиликка қарши курашиш бўйича тадбирлар режаси ишлаб чиқилди. Матбуот анжуманида режада белгиланган муҳим йўналишлар юзасидан давлат идоралари ва масъул ташкилотларнинг вазифалари баён этилди.
Матбуот анжуманида Ўзбекистон Республикаси Президенти Аадминистрацияси ҳузуридаги Наркотиклар ва ўқотар қуролларни назорат қилиш агентлиги, Ички ишлар, Божхона қўмитаси, Республика ихтисослаштирилган руҳий саломатлик илмий-амалий тиббиёт маркази, вакиллари спикер сифатида иштирок этди.
Спикерлар томонидан гиёҳвандликнинг олдини олиш ва уюшган жиноятчиликка қарши курашиш бўйича тадбирлар режасига кўра амалга ошириладиган йўналишлар матбуот анжумани иштирокчиларига етказилди.
Тадбир ташкилотчилари томонидан дастурда назарда тутилган барқарор профилактика медиа муҳитини яратишда оммавий ахборот воситаларининг ҳамкорлиги муҳим экани таъкидланди.
Н.Абдураимова, ЎзА