Самарқанд вилоят ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан наркотик моддаларнинг ноқонуний айланмасига қарши курашиш бўйича олиб борилган тадбирлардан бири давомида Қўшработ туманида яшовчи, 1981 йилда туғилган А.А. ўз хонадонида 464 туп каннабис гиёҳвандлик ўсимлиги етиштириб келаётганлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштирилди.
Ургут тумани Наврўз маҳалласида яшовчи фуқаро М.С. ҳамда Пастдарғом туманида яшовчи О.М. кучли таъсир қилувчи дори воситаларининг ноқонуний савдоси билан шуғулланиб келар экан. Ҳолат юзасидан ўтказилган тезкор тадбирда бу шахслар Самарқанд шаҳрида 288 дона (8 қути) “FATZORb premium” кучли таъсир қилувчи дори воситасини маҳаллий фуқарога 1 миллион 600 минг сўмга сотаётган вақтида жиноят устида қўлга олинди.
Худди шундай ҳолат Иштихон туманида ҳам аниқланди. Туманда яшовчи Д.Х. ўз уйида келгусида сотиш мақсадида 3870 туп кўкнор ўсимлиги етиштириб келаётганлиги, фуқаро Н.Х. эса 10 грамм марихуана, 9 туп каннабис гиёҳвандлик ўсимлиги ва 100 грамм каннабис уруғини сақлаб келаётганлиги аниқланиб, ҳар иккала ҳолатда ҳам ашёвий далиллар процессуал тартибда расмийлаштирилди.
Самарқанд туманида яшовчи, 1983 йилда туғилган Ҳ.Д. ҳамда 1976 йилда туғилган К.С. ҳам гиёҳванд моддалар савдоси билан шуғулланаётгани маълум бўлди. Тезкор тадбир чоғида улар 22 грамм опий гиёҳвандлик воситасини маҳаллий фуқарога 4 миллион сўмга сотаётган вақтида қўлга олинди.
Юқоридаги барча ҳолатлар юзасидан ушбу шахсларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА