Сурхондарё вилоят божхона бошқармаси ходимлари юртимиз орқали йирик миқдордаги гиёҳвандлик воситаси яширин олиб ўтилишининг олдини олди.
Вилоят божхона бошқармаси “Термиз” ташқи иқтисодий фаолият божхона пости ва контрабандага қарши курашиш бўлими ходимлари бошқа ҳуқуқ тартибот идоралари вакиллари ҳамкорлигида “Термиз Карго Центр” масъулияти чекланган жамиятининг божхона омборида Афғонистондан транзит тарзда Польша давлатига ўтиш учун Ўзбекистон Республикасига кириб келган “Mercedes Benz” русумли юк автотранспорт воситасини белгиланган тартибда божхона кўригидан ўтказди.
Кўрик чоғида юк кузатув ҳужжатларида кўрсатилмаган иккита қутида 196 дона пакетчали қадоқда 4 килограмм 200 грамм майдаланган ва қуритилган кўкнори бошоқлари билан аралаштирилган турли гиёҳ ҳамда мевалар аралашмаси мавжудлиги аниқланди.
Айни пайтда мазкур ҳолат юзасидан божхона органлари текширув ҳаракатларини олиб бормоқда.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири