French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Гиёҳванд моддаларининг ноқонуний савдоси пишмай қолди
12:28 / 2019-11-04

Келес шаҳрида тезкор тадбир ўтказилди.


Тошкент шаҳар ҳамда Тошкент вилояти божхона бошқармаси Контрабанда ва божхона қонунчилиги бузилишига қарши курашиш бўлими ходимлари ДХХ Давлат чегараларини ҳимоя қилиш қўмитаси ходимлари билан ҳамкорликда Келес шаҳрида тезкор тадбир ўтказди.

Тадбир давомида, қўшни давлат фуқароси Ф.М. фуқаро А.Х. ганамуна сифатида олиб келган, пакетчаларга жойланган марихуана гиёҳвандлик воситасини бераётган вақтида тезкор ходимлар томонидан ашёвий далиллар билан қўлга олинди.

Тезкор тадбир давом эттирилиб, фуқаро А.Х.нинг яшаш хонадони ҳам белгиланган тартибда кўздан кечирилди ва ушбу шахс ўз яшаш уйида йирик миқдорда гиёҳвандлик моддаларини сақлаб келаётганлиги аниқланди.

Ўтказилган тадбир давомида жами бўлиб, 655,44 грамм марихуана ва 1 туп наша ўсимлиги ашёвий далил сифатида олинди.

Мазкур ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилди.

Яширилган виски қимматга тушди

Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси “Қорақалпоғистон” темир йўл чегара божхона пости ходимлари юртимизга кириб келган фуқаро Ж.В.нинг юкларини белгиланган тартибда божхона кўригидан ўтказди.

Натижада, ушбу фуқаро божхона ходимининг оғзаки сўровида айтмасдан ҳамда йўловчи божхона декларациясида кўрсатмасдан поезд вагонининг тепа қисми(плафон)га, шунингдек, вагон печкасининг пастки қисмида ёғочлар остига хуфёна тарзда яширган ҳолда, умумий қиймати 33 миллион сўмлик 66 литр вискиларни тижорат мақсадида олиб келаётганлиги маълум бўлди.

Машина кабинасига яширилган 29 грамм марихуана

Тошкент вилояти божхона бошқармаси “Яллама” чегара божхона постига кириб келган, фуқаро К.В. бошқарувидаги “МАN” русумли автомашина белгиланган тартибда, холислар иштирокида божхона назоратидан ўтказилди.

Текширув жараёнида, автомашина кабинасидаги матрас тагида 29 грамм марихуана гиёҳвандлик моддалари яширилгани аниқланди.

Оёқ кийимга яширилган заргарлик буюмлари фош этилди

Самарқанд вилояти божхона бошқармасининг “Жартепа” чегара божхона пости орқали мамлакатимизга кириб келган фуқаро Б.М.нинг хатти-ҳаракатлари божхоначилар эътиборини тортди ва ушбу шахс белгиланган тартибда божхона назоратидан ўтказилди.

Унинг кирдикорини замонавий қурилмалар қисқа фурсатда фош этди. Гап шундаки, ушбу шахс оёқ кийимининг товон қисми ичига умумий қиймати 13,7 миллион сўмлик 93 грамм тилладан ясалган заргарлик буюмларини яширганлиги аниқланди.

Ҳозирда юқоридаги ҳолатлар юзасидан божхона органлари томонидан текширув ишлари давом эттирилмоқда.

Давлат божхона қўмитаси
ахборот хизмати материаллари
асосида Н.Насриев тайёрлади