Оксана Чусовитина номидаги гимнастикага ихтисослаштирилган спорт мактабида Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги тизимидаги давлат мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчилари ўртасида “Гимнастикага илк қадам” мусобақасининг Республика босқичи бўлиб ўтди.
Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 23 декабрдаги “Гимнастика спорт турларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида ташкил этилган мазкур мусобақани ўтказишдан асосий мақсад мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчилари ўртасида гимнастика спорт тури оммавийлигини оширишдан иборат.
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ахборот хизматига кўра, “Гимнастикага илк қадам” мусобақасининг туман (шаҳар) босқичи жорий йилнинг 11-20 май кунлари ўтказилди.
Мазкур босқичда 5 минг 247 нафар тарбияланувчи иштирок этди ҳамда уларнинг 332 нафари мусобақанинг ҳудудий босқичида иштирок этиш йўлланмасини қўлга киритди.
Мусобақанинг ҳудудий босқичи 21-30 май кунлари ўтказилди ҳамда иштирокчиларнинг 27 нафари Республика босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди.
“Долзарб 90 кун” ташаббуси доирасида ташкил этилган мусобақа синовлари гимнастика бўйича миллий ва халқаро тоифадаги ҳакамлар томонидан 20 баллик баҳолаш мезони асосида баҳолаб борилди.
Ғолиб иштирокчилар ташкилотчилар томонидан муносиб тақдирланди.
Айтиш керакки, “Гимнастикага илк қадам” мусобақасининг Республика босқичида ғолиб бўлган иштирокчилар Оксана Чусовитина номидаги гимнастикага ихтисослаштирилган спорт мактабининг 1-синфига кириш имтиҳонларисиз қабул қилинади.
Н.Усмонова,
ЎзА