Юртимизда болалар спортини ривожлантириш, айниқса, қизларни спортга йўналтиришга давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилаётгани ўзининг ижобий самарасини бермоқда. Ёш гимнастикачилар нуфузли халқаро ареналарда муваффақиятга эришиб, Ўзбекистон довруғини бутун дунёга кенг таратишмоқда.
Наманган шаҳридаги 6-сонли мактабгача таълим ташкилоти тарбияланувчиси Ифора Муродбекова, Янги Наманган туманидаги 60-сонли умумтаълим мактабининг 2-синф ўқувчиси Омина Исломжонова ва Райҳона Равшанова ана шундай иқтидор соҳибаларидан.

Наманган шаҳридаги “Паҳлавон” спорт мажмуасида жойлашган вилоят гимнастика спорт турларига ихтисослаштирилган спорт мактабида тажрибали мураббийи Камила Мирхаликова бошчилигида бадиий гимнастика сирларини қунт билан ўзлаштираётган бу қизлар яна бир зафар маррасини забт этди.
Яқинда Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрида ўтказилган “Gymnastika solo cup junior 2025” халқаро турнирида мамлакатимиз шарафини муносиб ҳимоя қилган наманганлик ёш гимнастикачилар кучли рақиблар орасида юқори кўрсаткичлар билан фахрли иккинчи ўринни эгаллади. Йирик мусобақада 17 давлатдан келган 650 нафар талабгор орасида шундай ғалабани қўлга киритишни ўзи юксак шараф эканлигини эътироф этиш лозим.

Шуни алоҳида айтиш жоиз, вилоят гимнастика спорт турларига ихтисослаштирилган спорт мактаби тарбияланувчиси Фотима Каримжонова Хитойнинг Гуанчжоу шаҳрида бўлиб ўтган “East Cup & Olympic Stars” халқаро мусобақасида фаол иштирок этиб, кумуш медалга сазовор бўлган эди.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/bPImkh3nliQ" title="Gimnastikachilar dunyoni zabt etmoqda" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Оқилхон Дадабоев, Мардонбек Эсонбоев, ЎзА.