Гимнастика: Оксана Чусовитина Германияда жаҳон кубогининг илк босқичида
Бугун, 19 февраль куни Германиянинг Котбус шаҳрида спорт гимнастикаси бўйича Жаҳон кубогининг илк босқич мусобақаси бошланди.
Жаҳон кубогининг илк босқичида ўтган йилги жаҳон кубогида ғолибликка эришган 10 нафар спортчининг 7 нафари қатнашиши тасдиқланган. Улар орасида аввалги Олимпия ўйинлари, жаҳон чемпионатлари ҳамда нуфузли турнирларнинг ғолиб ва совриндорлари қаторида Ватанимиз шарафини Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спорт устаси Оксана Чусовитина ҳимоя қилади.
Котбус шаҳрида бошланаётган бу йилги "Чемпионлар турнири"нинг илк босқич мусобақалари 22 февралга қадар давом этади.
Эслатиб ўтамиз, спорт гимнастикаси бўйича йил давомидаги жаҳон кубогининг навбатдаги босқич мусобақалари Баку (Озарбайжон), Анталия (Туркия), Қоҳира (Миср), Осиек (Хорватия) ва Доҳа (Қатар)да ташкил этилиши белгиланган.
Т.Рўзиев, ЎзА