Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Гимнастика: Маҳорат мактаби янги ғалабалар пойдевори бўлмоғи лозим
12:10 / 2025-05-27

Кейинги йилларда юртимизда жисмоний тарбия ва спорт соҳасига эътибор давлат сиёсати даражасига кўтарилиши халқаро мусобақаларда эришилган натижаларда ўз аксини топмоқда. Олимпия ўйинлари, жаҳон ва қитъа чемпионатларидаги ютуқларимиз салмоғи ортди. Ўзбек спортининг жаҳон майдонларидаги обрў-эътибори юксалди.

Хусусан, гимнастика спорт турларига қаратилган эътибор натижасида нафосат ва маҳоратни уйғунлаштирган спорт туридаги натижаларимиз ҳам эътиборга молик.

Айтиш лозим, гимнастика бўйича иқтидорли ёшларни аниқлаш, йўналтириш борасида зарур шарт-шароит яратиш, маҳоратли спортчиларни юқори натижалар сари руҳлантириш мақсадида кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда. Республика ихтисослаштирилган Олимпия захиралари болалар-ўсмирлар спорт мактаби директори Шаҳло Нарзиева билан эришилаётган кўрсаткичлар, мавжуд муаммолар хусусида суҳбатлашдик.

– Гимнастикага қизиқувчи ёшларни танлаш, саралаш тизими спорт мактабида қандай йўлга қўйилган?

– Маҳоратли ёш спортчиларни танлаш, уларни саралаш машаққатли вазифа. Давлатимиз раҳбари томонидан “Гимнастика спорт турларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори имзоланиши билан мактабимизга маҳоратли спортчиларни жалб этишнинг янгича тизими жорий этилди. Қарорга асосан республикамизнинг Фарғона, Нукус ва Самарқанд шаҳарларида гимнастика марказлари ташкил этилди. Келажакда ушбу ҳудудлардаги марказларда тайёрланаётган спортчиларнинг энг иқтидорлилари бизнинг мактабимизга юборилади ва улар бу ерда терма жамоага захира сифатида машғулотларни давом эттиради. Бундан ташқари айтишим лозимки, мактабимизда фаолият юритиб келаётган тажрибали, халқаро майдонда билими юксалган мураббий-мутахассислар ёрдамида ҳар йили 7-17 ёшдаги болаларни белгиланган низом асосида имтиҳон орқали қабул қилиш тизими йўлга қўйилган. Қабул ҳар йили август ойида ўтказилади.

– Айни пайтда спорт мактабида неча нафар ёш шуғулланмоқда?

– Бугунги кунда мазкур спорт мактабида 102 нафар ёш гимнастикачи бадиий ва спорт гимнастикаси, трамплин ва спорт акробатикаси турлари билан профессионал шуғулланиб, таълим-тарбия олиб келмоқда. 

Давлатимиз томонидан маҳоратли спортчиларни тайёрлаш учун барча шарт-шароитлар яратилган.  Мактабимизда спортчи-ўқувчилар учун турар жой бор, тўрт маҳал овқат берилади. Шунингдек, спорт жиҳозлари ҳамда махсус спорт кийимлари, спорт ускуналари ва инвентарлари билан таъминланган. Бундай шароит ва имкониятдан унумли фойдаланиш, халқаро мусобақаларда Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қиладиган спортчиларни тайёрлаш бирламчи вазифамиз ҳисобланади.

– Мактабда таҳсил олиб, гимнастика билан профессионал шуғулланиб, катта натижаларга эриша олмайдиган спортчиларнинг кейинги тақдири қандай бўлади?

– Мактабимизда таҳсил олаётган барча спортчилар ҳам катта спортда юқори натижаларга эриша олмайди. Гимнастика – мураккаб спорт тури. Республикамизнинг чекка ҳудудларида бу соҳада мураббийлар етишмаслиги муаммоси бор. Мактабимиз ёш мураббийларни етиштириб бераётган билим даргоҳи эканлиги билан ҳам эътиборлидир. Бундан ташқари, гимнастика билан шуғулланган ёшлар, айниқса, қизлар ҳар жиҳатдан баркамол бўлиб вояга етади. Бу ўз навбатида, келажакда она бўладиган қизларимизнинг кейинги ҳаётига ижобий таъсир кўрсатиши билан аҳамиятлидир.

– Биламизки, спорт мактаби ёшлари йил давомида халқаро мусобақаларда, ички чемпионатларда қатнашади. Уларнинг мусобақалар ва ўқув-йиғинлар даврида дарсларни ўзлаштира олмаслик ҳолатлари ҳам кузатиладими?

– Тўғри айтдингиз, мактабимиз ёшлари доимий ҳолатда турнир ва чемпионатларда қатнашиб келади. Уларнинг деярли 99 фоизи мактаб ўқувчилари. Шуни алоҳида таъкидламоқчиманки, бу спорт мактаби бўлишига қарамай, биз таълим ва тарбия жараёнларига катта эътибор қаратамиз. Спортдаги ютуқлар муҳим, аммо болаларнинг умумий билим даражаси ва тарбияси бундан кам емас. “Сизлар спортчисиз, мактабга бормасангиз ҳам бўлади” деган ёндашув бизга бегона. Мусобақа ва машғулотлар сабаб дарс қолдирган спортчиларга маълум бир вақтда ўзлаштириш имкони берилади. Спортчиларнинг дарс машғулотларини ўз вақтида ўзлаштириши борасида пойтахтимиздаги 9 ва 96-умумтаълим мактаблари билан ҳамкорлик ўрнатилган.

– Спорт мактаби тарбияланувчилари орасида Олимпия ва Осиё ўйинлари иштирокчилари борми? Умуман, натижалар давлат даражасидаги эътиборга муносибми?

– Мактабимиз ўқувчиларининг спорт натижалари йилдан йилга яхшиланиб бормоқда. 2024 йили спортчиларимиз рекорд даражадаги спорт тадбирларида: 19 та Республика чемпионатлари ва кубоклари, 26 та халқаро мусобақаларда қатнашди. Уларда 338 та медаллар шодаси қўлга киритилди. Шундан 18 та олтин медаль Осиё чемпионатига тегишли. 40 нафар спортчимиз миллий терма жамоанинг асосий ва захира таркибидан ўрин олган. Жорий йилнинг май ойида Сингапурда ўтказилган ўсмирлар ўртасидаги Осиё чемпионатида мактабимиз тарбияланувчилари Алана Хафизова, Милана Сафина, Кристина Шин, Жасмин Яхлакова, Ёсина Джураева, Замира Хвальчеваларнинг 6 та олтин, 6 та кумуш, 6 та бронза медалларига сазовор бўлгани келгусида Олимпия ва Осиё ўйинларида гимнастика мактаби тарбияланувчилари Ўзбекистон терма жамоаси сафида қатнашишига ишонч уйғотади. Ҳозирда бутун эътиборимиз “Лос-Анжелес-2028” Олимпиадасига қаратилган. Умидимиз, мактабимизда ёшларга гимнастика спорт турларининг сир-асрорларини ўргатиб келаётган 19 нафар тренер-ўқитувчи машғулот жараёнларида ёшларнинг Олимпиадада иштирок этишдек олий мақсадига эътиборини қаратмоқдаки, бу, яқин келажакда ўз натижасини беришига ишонамиз.

Муштарий Икромова суҳбатлашди, ЎзА