French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Гиламлар жилоси” кўргазмаси – халқ ҳунармандчилигининг намойиши
17:55 / 2025-10-18

Хива шаҳридаги “Арда Хива” туристик мажмуасида “Гиламлар жилоси” халқаро гилам кўргазмаси бошланди. Халқаро кўргазма олдидан матбуот анжумани ўтказилди.

Анжуманда  мамлакатимиз ва хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Миллий ҳунармандчилик соҳасида амалга оширилаётган ишлар ва янги режаларга бағишланган анжуманда республика «Ҳунарманд» уюшмаси раиси Расулжон Мирзаҳмедов, Хоразм вилоят ҳокими ўринбосари  Ботир Саидов ва бошқалар  илк бор ўтказилаётган гиламчилик фестивалининг мақсади, аҳамияти ва халқаро ҳамкорлик истиқболлари ҳақида сўзлади.

[gallery-25790]

–  Қадимий ва навқирон Хива шаҳрида ўтказилаётган мазкур кўргазма юртимизнинг бой маданий мероси ва халқ бадиий санъатининг ёрқин ифодасидир, – деди Хоразм вилоят ҳокими ўринбосари  Ботир Саидов. – Президентимизнинг миллий ҳунармандчилик ривожига қаратаётган юксак эътибори ва рағбати туфайли Хоразм вилояти ҳунармандчилиги жадал ривожланиб, жаҳон ҳамжамиятининг алоҳида  эътирофига сазовор бўлмоқда. “Гиламлар жилоси” кўргазмаси  бу оддий тадбир эмас. Бу  миллий меросимиз, буюк бадиий маданиятимиз ва халқ ҳунармандчилигининг ёрқин намоёни, унинг халқаро даражадаги байрамидир.

Кўргазма доирасида гилам тўқишнинг жонли намойишлари, маҳорат дарслари, илмий-амалий конференциялар, этно-дизайнерлар намойиши ва ҳунармандчилик маҳсулотлари савдоси каби кўплаб тадбирлар ўтказилиши таъкидланди. Ҳар бир тадбир бўйича маълумотлар тақдим этилди.  

–  Мамлакатимизда қадимдан миллий қадрият сифатида ривожланиб келаётган гиламдўзлик анъаналарини асраб-авайлаш, илмий тадқиқ этиш, халқаро миқёсдаги нуфузини ошириш ва кенг тарғиб этиш, анъанавий усулда гилам тўқиётган уста-ҳунармандларни қўллаб-қувватлаш, аҳоли ҳамда хорижий сайёҳларнинг анъанавий гиламдўзликка қизиқишини уйғотиш орқали гиламдўзлик бозорини ривожлантириш муҳим вазифамиз ҳисобланади, – деди республика “Ҳунарманд” уюшмаси раиси Расулжон Мирзаҳмедов. – “Гиламлар жилоси” эса барчамиз учун илҳом манбаи, тажриба алмашиш майдони ва янги ҳамкорликлар бошланишига имконият яратади.

Анжуманда иштирок этган  оммавий ахборот воситалари вакиллари ўзларини қизиқтирган саволларга ташкилотчилардан батафсил жавоблар олдилар.  

Аҳмаджон Шокиров,  

Беҳзод Саидов (сурат),  

ЎзА мухбирлари