Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Гидротехника иншоотларидан фойдаланиш даврида фавқулодда вазиятлар натижасида етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш тартибини белгилаш тўғрисида” қарор қабул қилди.
Унга мувофиқ:
Гидротехника иншоотларидан фойдаланиш даврида фавқулодда вазият юзага келиши натижасида бошқа шахсларнинг ҳаётига, соғлигига ва (ёки) мол-мулкига, шунингдек, атроф-муҳитга зарар етказилганлиги учун фойдаланувчи ташкилотларнинг фуқаролик жавобгарлигини суғурта қилиш тартиби тўғрисидаги низом;
Гидротехника иншоотларидан фойдаланиш даврида фавқулодда вазиятлар натижасида фуқароларнинг ҳаёти ва соғлигига, жисмоний ҳамда юридик шахсларнинг мол-мулкига етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш тартиби тўғрисидаги низом;
Фуқаролик жавобгарлиги суғурта қилинадиган гидротехника иншоотлари рўйхати тасдиқланди.
Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги, Энергетика вазирлиги, “Ўзбекгидроэнерго” АЖ уч ой муддатда фуқаролик жавобгарлиги суғурта қилинадиган ўз тизимидаги гидротехника иншоотларини суғурталаш учун талаб этиладиган барча маълумотларни хатловдан ўтказиб, суғурта шартномалари тузишни ташкил этади.
Суғурта қилинадиган гидротехника иншоотлари рўйхатига киритилган гидротехника иншоотларидан фойдаланувчи ташкилотлар маблағлари ҳисобидан фуқаролик жавобгарлигини суғурта қилиш билан боғлиқ суғурта мукофоти тўловларини амалга ошириш тизими йўлга қўйилади.
Бунда Сув хўжалиги вазирлиги тизимидаги гидротехника иншоотларидан фойдаланувчи ташкилотларнинг харажатлари 2024 йилда Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан Сув хўжалиги вазирлигига ажратилган бюджет маблағлари доирасида, 2025 йилдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрларида кўзда тутилган маблағлар ҳисобидан амалга оширилади.
ЎзА