Мамлакатимиздаги мавжуд гидротехника иншоотларининг хавфсиз ва ишончли ишлаши аҳоли ва иқтисодиёт тармоқларининг хавфсизлиги таъминланишида муҳим ўрин тутади. Гидротехника иншоотларини лойиҳалаштириш ва барпо этиш жараёнидаги хато ва камчиликлар эса турли кўнгилсизликларни юзага келтириши шубҳасиз. Буни 2020 йилда Сардоба сув омборида юз берган техноген офат мисолида ҳам гувоҳи бўлдик.
Маълумотларга кўра, бугунги кунда сув хўжалиги тизимида жами 73 та сув омбори ва сел-сув омбори, 1 минг 688 та насос станцияси, 49 та ГЭС ва бошқа объектлар мавжуд. Сув хўжалиги объектларининг аксарият қисмидан 40 йилдан ортиқ фойдаланилмоқда. Бу эса уларни ўз вақтида таъмирлаш-тиклаш ва реконструкция қилиш ҳамда замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш ишларини амалга оширишни талаб қилмоқда.

Масалан, кейинги йилларда Гулдара ва Деҳқонобод (Қашқадарё вилояти), Кўксарой (Навоий вилояти), Оқчопсой (Самарқанд вилояти), Хангарансой (Сурхондарё вилояти), Сардоба (Сирдарё вилояти) сув омборларини қуриш жараёнида уларнинг муҳандислик-геология, лойиҳалаштириш, қурилиш, шунингдек, назорат ишларини ўз вақтида ва сифатли бажариш бўйича бир қатор хато ва камчиликлар кузатилган.

Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Экологик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилишида кўриб чиқилган “Гидротехника иншоотларининг хавфсизлиги тўғрисида”ги қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қизғин муҳокама этилди.
— Мазкур қонун лойиҳаси билан соҳада буюртмачи, лойиҳа ва пудрат ташкилотларининг мажбуриятлари, мутасадди вазирлик ва идораларнинг ваколатлари белгиланмоқда, — дейди депутат Муқаддас Тиркашева. — Бу эса гидротехника иншоотларидан фойдаланиш, уларнинг хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилади. Қонун лойиҳасида гидротехника иншоотларидан фойдаланиш даврида содир бўлган авария натижасида етказилган зарарни қоплаш, гидротехника иншоотларининг хавфсизлигини таъминлаш соҳасида халқаро ҳамкорлик, гидротехника иншоотларининг хавфсизлиги қоидаларининг бузилиши бўйича жавобгарлик каби масалалар ўз аксини топмоқда.

Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши махсус давлат назорати органининг масъулияти ва ваколати оширилишига, иншоотларни лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш-тиклаш, консервация қилиш ва тугатиш ишларида хавфсизлик бўйича назорат кучайтирилишига ва ишлар тизимли ташкил қилинишига олиб келади.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА