Андижон вилояти Балиқчи туманида мавжуд экин майдонлари, айниқса, томорқадан унумли ва самарали фойдаланиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Бу орқали камбағал оилалар сонини қисқартириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, уларнинг доимий даромад манбаини шакллантиришга қаратилган ишлар янада юқори босқичга кўтарилмоқда.

Мазкур йўналишдаги ишлар Президентимиз ташаббуси билан доимий қўллаб-қувватланиб, давлатимиз томонидан аҳоли учун кенг имкониятлар яратилаётгани натижасида деҳқончиликда илғор технологиялар ва янгича ишлаш услублари жорий этилмоқда, ҳосилдорлик ва самарадорлик ортмоқда.
Балиқчи тумани Чароғон маҳалласида яшовчи Адҳамжон Исоқов ҳам илғор, замонавий технологияларни қўллаган ҳолда ўз томорқасида қулупнай етиштиришни йўлга қўйди.

Айни кунда унинг томорқасидаги иссиқхонада 1,5 минг туп “Кабриелла” навли қулупнай парваришланмоқда. Келгусида у қулупнай етиштиришда гидропоника усулини қўллаш орқали йил давомида барқарор ҳосил олиш, сувни тежаш ва ҳосилдорликни оширишни мақсад қилган.

Мазкур ташаббус, яъни унинг инновацион ёндашувлар асосида қулупнай етиштиришни йўлга қўйиши аҳолини турли мавсумларда сифатли маҳсулот билан таъминлаш имконини беради.
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (фото),
ЎзА мухбирлари