Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Гидропоника усулида маҳсулот етиштиришга ихтисослашган иссиқхона ишга туширилди
17:52 / 2022-11-08

Сурхондарё вилояти Шўрчи туманининг «Кушон» маҳалласида гидропоника усулида маҳсулот етиштиришга ихтисослашган иссиқхона ишга туширилди.

Ўтган йили томорқасидаги 2 сотих ер майдонига қулупнай экиб, яхшигина даромад олган Ислом Жўраев бу йил гидропоника усулида иссиқхона қуриб, унда қулупнайнинг менхиянг навини парвариш қилишни бошлади. Баравж ўсаётган қулупнай кўчатларининг ҳосили яқин кунларда пишиб етилади.

Тумандаги ҳоким ёрдамчиси Шуҳрат Бўроновнинг тавсияси ва ёрдами билан кредит олган Ислом Жўраев иссиқхона учун қулупнай кўчатларини пойтахтдан олиб келган. Эндиликда Ислом Жўраевнинг томорқасида йилнинг тўрт фаслида ҳам қулупнайдан ҳосил олиб, рўзғори учун зарур бўлган даромадни олади.

– Ўтган йили ўзимиз учун қулупнай эккандик, – дейди Ислом Жўраев. – Рўзғоримиздан ортганини бозорга олиб чиқиб, яхшигина нархда сотдик. Бу йил эса қулупнай экиш учун гидропоника усулида иссиқхона қурдик. Бунда ҳоким ёрдамчисининг тавсияси ва ёрдами билан банк олган имтиёзли 33 миллион сўм кредитдан унумли фойдаландик. Гидропоника усулида минерал озуқа ва кислород тўғри ўсимлик илдизига етказилади. Бу усулдаги иссиқхонага кўпроқ кўчат экиш имкони бор.

Иссиқхонада технология асосида ҳар уч кунда 95-100 килограмм ҳосил йиғиштириб олиш мўлжалланмоқда.

– Қулупнайнинг менхиянг нави ширин ва ҳосили кўплиги билан ажралиб туради, – дейди деҳқон. Қулупнайлар +15, +25 градус оралиғида жуда яхши ривожланади, ҳосили ҳам катта-катта бўлиб пишади. Ўта иссиқ ҳароратда қулупнайлар ривожланмасдан пишади. Икки кунда бир минерал озуқа бериб, томчилатиб суғориш ишларини амалга оширяпмиз. Келгусида мевадан ташқари, қулупнай кўчатларини тайёрлашни ҳам йўлга қўямиз.

Дарҳақиқат, кафтдек ерни ҳам бўш қолдирмасдан, экин экиш, ниҳол қадаш, умуман, ердан унумли фойдаланиш оила фаровонлигини оширишга хизмат қилади.

Нигина Шоева