Ўзбекистон Республикаси Гидрометеорология хизмати маркази 26 ноябрь куни оммавий ахборот воситалари вакиллари учун Тошкент вилояти Г-1 Ангрен гидрометеорология станциясига пресс-тур ташкил қилди.
Тошкент вилояти гидрометеорология бошқармасига қарашли Г-1 Ангрен гидрометеорология станцияси ҳудудида янги замонавий бино қурилиш ишлари тугатилиб, фойдаланишга топширилган. Журналистлар ҳудуддаги мазкур қурилиш объектлари ва у ерда яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишди.
Пресс-тур давомида Г-1 Ангрен гидрометеорология станцияси ҳақида батафсил маълумот берилди. Қайд этилишича, ушбу станция 1971 йилда очилган бўлиб, ҳозирги вақтда метеорология, гидрология, агрометеорология ва ҳаво ҳамда сув ифлосланиш кузатув ишларини олиб бормоқда.
Станцияда 10 та гидропост ва 3 та атмосфера ҳавоси ҳамда сув ифлосланиш кузатув постлари мавжуд. Шу билан бирга у ерда 33 ходим иш олиб бораётгани, уларнинг иш жараёни пресс-тур иштирокчиларининг нигоҳида бўлди.
– Ўзгидромет маркази ва унинг ҳудудий гидрометеоролия бошқармаларида тўлиқ тизимли фаолият олиб бораётган ходимлар учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида босқичма-босқич реконструкция ишлари амалга оширилмоқда. Хусусан, 2021 йилга мўлжалланган ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш давлат дастури ижросида жами 30 та объект қурилиши белгиланган. Биз пресс-тур уюштираётган Ангрен гидрометеорология станцияси ҳам ана шулардан бири, – дейди Ўзгидромет моддий-техник таъминот бошқармаси раҳбари Нарзуллаев Азимжон.
Маълумот ўрнида, ўтган йили автоматик метеорологик станцияси ўрнатилиб, ҳозирги кунда ушбу ускуна бўйича кузатув ишлари олиб борилмоқда. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 17 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Гидрометеорология хизмати фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ–4896-сон қарори билан тасдиқланган дастур ижросини таъминлаш мақсадида, халқаро лойиҳаларнинг грант маблағлари доирасида 50 дона автоматик метеостанциялар харид қилиниб, ҳудудларга ўрнатилган. Тошкент вилоятига эса 14 дона автоматик метеостанциялар ўрнатилгани таъкидлаб ўтилди.
Метеорологик кузатувлар тармоғи бўлими етакчи муҳандиси Одилов Ҳожиакбарнинг сўзларига кўра, барча соҳаларда бўлгани каби гидрометеорология соҳасида ҳам инновацион ғояларни татбиқ қилиш ва рақамлаштириш чора-тадбирлари олиб борилмоқда. У бунга янги ўрнатилган автоматик метеостанцияларни мисол қилиб кўрсатди.
– Автоматик метеостанциялар бир қанча параметрлар бўйича яъни ҳаво ҳарорати ва намлиги, атмосфера босими, шамол йўналиши ва тезлиги, қуёш радиацияси, ёғингарчиликлар миқдори каби йўналишларда кузатиш ишларини автоматик тарзда олиб боради. Маълумотлар ҳар 10 дақиқа оралиғида Ўзгидромет серверига келиб тушишини қўшимча қилмоқчиман, – дея таъкидлади етакчи муҳандис Ҳ.Одилов.
Шу билан бирга автоматик метеостанциялар давлат бошқаруви органларини, хўжалик бирлашмаларини, қатор ташкилотларни, шунингдек, фуқароларни мавжуд ва кутилаётган гидрометеорологик шароитлар, иқлим ўзгариши, табиий муҳитнинг ифлосланиш даражаси билан боғлиқ гидрометеорологик ҳодисалар юзага келиши тўғрисида тезкор маълумотлар билан таъминлайди. Пресс-турда мазкур станциялар об-ҳаво прогнозларининг ишончлилик даражасини суткалик 92 фоиздан 95 фоизгача ошириши алоҳида қайд этиб ўтилди.
Журналистлар иштирокида бўлиб ўтган пресс-турда соҳага оид бошқа қатор истиқболли ишлар, муҳим лойиҳалар ва келгусидаги устувор вазифалар хусусида сўз борди. Шу билан Тошкент вилояти Г-1 Ангрен гидрометеорология станциясига пресс-тур муваффақиятли якунланди.
Беҳруз Худойбердиев, ЎзА