ФОТОРЕПОРТАЖ
Гидрометеорология – қишлоқ хўжалиги, энергетика, транспорт, экология каби бир қанча тармоқлар фаолиятида муҳим аҳамият касб этувчи соҳалардан.
Бухоро вилояти гидрометеорология бошқармасида айни пайтда 75 нафар ходим меҳнат қилмоқда. Шаҳар ва туманлардаги малакали ходимлардан иборат гуруҳлар ҳар кунлик фаолияти давомида об-ҳаво, ҳарорат, намлик, суғориладиган зонанинг метеорологик ҳолати каби маълумотларни бошқармага тақдим этиб боради.
Йил давомида бошқарма вилоятнинг агросаноат комплекси идоралари, иқтисодиётнинг турли тармоқлари ва аҳолини кунлик, беш кунлик, дастлабки ойлик об-ҳаво прогнозлари, хавфли ва ўта хавфли гидрометеорологик ҳодисалар ҳақида маълумотлар билан таъминлаб боради.
[gallery-6586]
Бугунги кунда қишлоқ хўжалиги экинларининг кузатилган ва кутилаётган ўсиш, ривожланиш ва ҳосилдорлик элементларини шаклланиш шароитлари ва уларнинг ҳолати бўйича агрометеорологик маълумотлар асосида истеъмолчилар қишлоқ хўжалиги экинларини экиш, ҳосилни йиғиб-териб олиш ва парваришлаш ишларини олиб бормоқда.
Агрометеорологик баҳолаш асосида чигитни экиш ишларини бошлаш юқори самарали бўлиб – бунда қишлоқ хўжалиги бошқарув органлари томонидан тақдим этилган материаллар ҳисобга олинган ҳолда, чигит экиш ишларини олиб бориш жадвали аниқланади. Шунингдек, ғўза, кузги бошоқли экинлар ҳолатини баҳолаш сифатини ошириш мақсадида ҳар ой туманлар кесимида автомаршрут кузатув натижалари тайёрлаб борилади.
Тоҳир ИСТАТОВ (сурат),ЎзА