Пойтахтимиздаги “Дўстлик” истироҳат боғида “Гидропроект” акциядорлик жамиятининг ташкил этилганига 90 йил тўлиши муносабати билан “Гидроэнергетиклар хиёбони” ташкил этилди.
"Ўзбекгидроэнерго" АЖ матбуот хизматидан маълум қилишларича, бугун ушбу хиёбоннинг очилиш маросими ўтказилган.

Гидроэнергетиклар хиёбонининг ташкил этилиши мамлакатимизда амалга оширилаётган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси билан ҳамоҳангдир.

- Гидроэнергетиклар хиёбонига “Гидропроект” АЖ ва Ўзбекистон Экологик партияси ҳамкорлигида 150 тупдан ортиқ манзарали дарахт кўчатлари экилди. Алоҳида таъкидлаш лозимки, “Гидропроект” АЖ ўзининг 90 йиллик фаолияти давомида нафақат мамлакатимизда, балки Марказий Осиё республикалари ва бошқа давлатларда қурилган ва модернизация қилинган 100 дан ортиқ ГЭСларни лойиҳалаштирган. Ҳозирги кунда 2021 йил ҳолатига “Гидропроект” АЖ томонидан умумий ўрнатилган қуввати 757,0 МВт бўлган 11 та ГЭСни лойиҳалаш ва қурилишини таъминлаш устида ишланмоқда, - деди "Ўзбекгидроэнерго" АЖ матбуот хизмати бош мутахассиси Ҳ.Жўраева.

Насиба Зиёдуллаева, ЎзА