"Ўзгидроэнергетика" акциядорлик жамияти матбуот хизматидан маълум қилишларича, мамлакатимизда мазкур йирик форум ва кўргазма жорий йилнинг 17-18 февраль кунлари ўтказилади.
Ҳозирда мазкур йирик тадбирда 150 дан ортиқ компания ҳамда 20 дан ортиқ давлат вакилларининг иштироки кўзда тутилган. Гидроэнергетика форуми ва кўргазмаси Европа, Лотин Америкаси, Буюк Британия, Эрон, Грузия ва МДҲ давлатлари ҳамкорлигида энергетика соҳасини ривожлантириш ҳамда халқаро йирик тадбирлар, форум ва кўргазмаларни ўтказишда етакчи ҳисобланган халқаро “Vostock Capital” ташкилоти томонидан ҳар йили анъанавий тарзда ўтказиб келинади.
Ўтган йилларда мазкур йирик конгресс Қирғизистон, Грузия ҳамда Россияда ташкил этилган.
Жорий йил ўтказилиши режалаштирилаётган йирик тадбир “Vostock Capital” ҳамда “Ўзбекгидроэнерго” АЖ ҳамкорлигида ташкил этилмоқда.
Форумдан ўрин олган асосий маърузалар мамлакатимизда гидроэнергетика соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, жорий ва кутилаётган истиқболларга бағишланиши кутилмоқда.
Тадбир доирасида соҳа мутахассислари иштирокида бир қатор давра суҳбатлари, семинар ва брифинглар ташкил этилади.