Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Гидроэнергетика соҳасида сунъий интеллект ва рақамлаштириш тизими кенг жорий этилади
14:11 / 2026-02-05

Кейинги йилларда мамлакатимиз гидроэнергетика соҳасида замонавий технологиялар ва инновацион ечимларни кенг татбиқ этиш чоралари кўрилмоқда.

Бу жараёнда “Ўзбекгидроэнерго” АЖ ва Хитой Халқ Республикасининг “China Huaneng Group Co. Hong Kong, Ltd.”  компанияси масъуллари ўртасида ўтказилган учрашувда бу борадаги имкониятлар атрофлича таҳлил қилинди.

Учрашувда томонлар гидроэнергетика тизимини замонавий технологиялар асосида ривожлантириш, сунъий интеллект ва рақамли ечимларни жорий қилиш орқали ишлаб чиқариш жараёнларини оптималлаштириш ва бошқарув самарадорлигини ошириш масалаларини муҳокама қилди. Шунингдек, улар йирик инвестиция лойиҳаларини биргаликда амалга ошириш ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамлаш истиқболларига алоҳида эътибор қаратди.

Таъкидланганидек, “China Huaneng Group” 1985 йилда ташкил этилган ва бугунги кунда дунёдаги энг йирик электр энергияси ишлаб чиқарувчи компаниялардан бири ҳисобланади. Корпорация таркибига 57 та шўба компания ва 1000 дан зиёд гидроэлектр, иссиқлик ва шамол станциялари киради. Унинг умумий энергия ишлаб чиқариш қуввати 270 ГВтни ташкил қилади, йиллик ишлаб чиқариш ҳажми эса 1,1 триллион кВт.соатдан ортиқ. Шунингдек, компания “Fortune Global 500” рейтингида дунёнинг энг йирик 500 компанияси орасида 256-ўринда турибди.

Музокаралар давомида “Ўзбекгидроэнерго” АЖ ва “China Huaneng Group Co. Hong Kong, Ltd.”  компанияси ўртасидаги ҳамкорлик доирасидаги натижалар атрофлича таҳлил қилинди ҳамда келгусидаги устувор вазифалар белгиланди. Томонлар бу жараёнда сунъий интеллект технологияларини жорий қилиш, ишлаб чиқариш жараёнларини рақамлаштириш ва гидроэнергетика объектларини самарали бошқариш масалалари устувор эканини қайд этди.

Жамият ахборот хизматининг маълум қилишича, мазкур ҳамкорлик доирасида “Ақлли ГЭС” концепцияси ҳам амалга оширилади. Бу гидроэлектр станцияларда рақамли ечимлар ва сунъий интеллектни кенг қўллаш имконини беради. Шунингдек, гидротехник иншоотлар ва тўғонларнинг хавфсизлигини узлуксиз мониторинг қилиш, эрта огоҳлантириш тизимларини жорий этиш, ишлаб чиқариш жараёнларини тўлиқ рақамлаштириш ва барча ГЭСларнинг фаолиятини марказлашган диспетчерлик маркази орқали реал вақтда кузатиш каби лойиҳалар режалаштирилган.

Томонлар учрашув сўнггида кўриб чиқилган масалалар юзасидан галдаги ишларни белгилаб олди.

Н.Зиёдуллаева, ЎзА