“Ўзбекгидроэнерго” АЖ бошқаруви раиси Ислом Абдураҳмонов раҳбарлигида ижро аппаратининг масъул раҳбар-ходимлари иштирокида навбатдаги йиғилиш бўлиб ўтди.
Унда жорий йил 13 февраль куни давлатимиз раҳбари томонидан ўтказилган мажлисда белгиланган вазифалар, тармоқ ва ҳудудларда юқори иқтисодий ўсиш суръатларини таъминлаш, 2026 йил учун прогноз кўрсаткичлари ҳамда устувор йўналишлар атрофлича муҳокама қилинди.
Йиғилишда жамиятнинг 2026 йилга мўлжалланган режа кўрсаткичларини танқидий қайта кўриб чиқиш ва уларни реал имкониятлар асосида такомиллаштириш зарурлиги қайд этилди. Саноат кооперацияси асосида импорт ҳажмини кескин камайтириш, маҳаллийлаштириш даражасини ошириш, рақамлаштириш ҳамда сунъий интеллект технологияларини кенг жорий этиш устувор вазифа сифатида белгиланди.
Шунингдек, тизим корхоналарида харид ва таъминот жараёнларини қайта кўриб чиқиш, уларнинг шаффофлиги ва самарадорлигини ошириш, маҳсулот таннархини камида 10-15 фоизга қисқартириш бўйича комплекс дастур ишлаб чиқиш вазифалари белгиланди. Корхоналарни “Ягона ғазначилик” ахборот тизимига босқичма-босқич улаш, инвестиция дастурига киритилаётган ҳар бир лойиҳани чуқур таҳлил қилиш ва иқтисодий самарадорлигини баҳолаш, лойиҳалар ишга туширилгандан сўнг уларнинг тўлиқ қувватда ишлаши устидан қатъий назорат ўрнатиш зарурлиги таъкидланди.
Бундан ташқари, тизим миқёсида ташқи ёритиш тизимларига автоматик бошқарув воситалари ва қуёш панелларини ўрнатиш, лойиҳалар ҳамда тендер жараёнларида маҳаллий маҳсулотлар улушини ошириш, харидлардаги ортиқча бюрократик тўсиқларни бартараф этиш, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар билан саноат кооперациясини кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Маҳсулот таннархи ва асосий иқтисодий кўрсаткичларни доимий таҳлил қилиб бориш, “Ягона ғазначилик” тизими бўйича амалга оширилаётган ишлар юзасидан мунтазам ҳисобот тақдим этиш топширилди.
Жамият ахборот хизматига кўра, йиғилиш якунида белгиланган вазифаларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши, ҳар бир йўналиш бўйича аниқ натижаларга эришиш юзасидан қатъий назорат ўрнатилиши қайд этилди.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА