Хабар берганимиздек, шу йилнинг 30 октябрь куни Самарқанд шаҳридаги халқаро конгресс марказида ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессияси очилиш маросими ўтказилади ва 14 ноябрга қадар ташкилотнинг маданият, таълим, фан, маданий мерос ва бошқа йўналишлар бўйича мажлислари, турли тадбирлар ташкил этилади.
Мазкур тадбирларда қатнашиш учун Самарқандга бир қатор халқаро ташкилотлар ва мамлакатлар раҳбарлари, ЮНЕСКОга аъзо давлатлар вакиллари, нуфузли меҳмонлар, жами 6000 дан ортиқ иштирокчи келиши кутилмоқда.

Самарқанд вилоят ҳокими ўринбосари Р.Қобиловнинг айтишича, меҳмонларга ҳамроҳлик ва таржимонлик қилиш, Самарқанд, умуман, Ўзбекистон тарихи ва бугуни ҳақида батафсил маълумот бериш учун Самарқанд давлат университети, Самарқанд давлат чет тиллар институти ва “Ипак йўли” халқаро туризм ва маданий мерос университетининг 800 нафарга яқин талабалари, профессор-ўқитувчилари кўнгилли сифатида жалб этилган.

Жумладан, Самарқанд давлат чет тиллар институтидан 48 нафар малакали профессор-ўқитувчи ва магистрант, 344 нафар талаба гид-таржимон сифатида халқаро саммит иштирокчиларига хизмат кўрсатади.

– Тадбирга халқаро тилларда мукаммал сўзлаша оладиган профессор-ўқитувчи ва талабаларимизни жалб қилганмиз, – дейди Самарқанд давлат чет тиллар институти биринчи проректори Азамат Қураҳмедов. – Улар Самарқанднинг ўтмиши ва бугуни, вилоятимиздаги тарихий-маданий ёдгорликлар, шунингдек, ЮНЕСКО ҳақида зарур маълумотлар билан таъминланган. Бу борада ўқув машғулотлари ўтказилди. Аввалги халқаро форумлар тажрибасидан келиб чиқиб, меҳмонларга юқори савияда хизмат кўрсатиш учун керакли тавсия ва маслаҳатлар берилган.
Институтда ўтказилган навбатдаги учрашувда гид-таржимонларга қўшимча маълумотлар берилди ва халқаро форум кунларида амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар белгилаб олинди.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири