Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Гибрид таҳдидларга қарши глобал кураш: Ўзбекистон делегацияси Туркияда ўтказилган халқаро саммитда иштирок этди
10:22 / 2023-11-29

Истанбулда Туркия Республикаси Президенти ҳузуридаги Ахборот-коммуникациялар департаменти ташаббуси билан Стратегик коммуникациялар халқаро саммити бўлиб ўтди. Бу йил учинчи бор ўтказилган саммит “Гибрид таҳдидларга қарши глобал кураш: барқарорлик, хавфсизлик, бирдамлик” шиори остида ташкил этилди.

Саммитнинг биринчи кунида Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдоған тадбир иштирокчиларига видеомурожаат йўллади. Хусусан, Туркия етакчиси ўз нутқида дунёдаги мавжуд геосиёсий беқарорликка алоҳида тўхталди.  

– Кейинги пайтларда бошимиздан кечирган воқеалар бизга эслатган энг муҳим масала стратегик алоқанинг аҳамиятидир. Уруш, тўқнашув, ҳужум ва мудофаа фақатгина жанг майдонларида эмас, медиа маконда ҳам авж олаётганини ҳаммамиз кўрдик ва кўряпмиз, – деди Режеп Таййип Эрдоған.

Туркия Президенти, шунингдек, саммит қатнашчиларини инсон ҳуқуқ ва эркинликларини поймол қилишга қаратилган ҳар қандай дезинформациянинг ҳалокатли оқибатларига қарши биргаликда курашишга чақирди.

Мазкур нуфузли тадбирда Ўзбекистон делегацияси таркибида бўлган “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков ҳам иштирок этди.

Саммитнинг “Стратегик коммуникацияларнинг янги дилеммалари: ахборот хавфсизлиги ва шаффофлик” мавзусига бағишланган сессияси Элдор Туляков модераторлигида бўлиб ўтди, дейилади “Тараққиёт стратегияси” маркази Ахборот хизмати маълумотида.

Унда ахборотни манипуляция қилиш бўйича мамлакатлар тажрибалари кўриб чиқилиб, киберҳужумлардан ҳимояланиш масалалари муҳокама қилинди.

Саммитда сўзга чиққан Туркия Президенти ҳузуридаги Ахборот-коммуникациялар департаменти директори Фахретдин Альтун мазкур саммитнинг гибрид таҳдидларга қарши курашдаги аҳамиятига тўхталди. Фахретдин Альтун гибрид таҳдидларни бугун дунёда рақобат, кураш ва урушнинг янги усуллари, деб атади. Унга қарши туриш учун биринчи навбатда миллий хавфсизлик ва мудофаа механизмларини ислоҳ қилиш, мослашувчан, кўп қиррали кураш стратегияларини ишлаб чиқиш кераклиги ҳақида гапирди.

–Дезинформация ёлғон маълумотларнинг кўпайиши ва ҳақиқат инқирозига сабаб бўлмоқда. Энг ёмони, ҳақиқат инқирози бугунги кунда халқаро майдонда яққол сезила бошлаган демократия инқирозини келтириб чиқаради, – деди Фахретдин Альтун.

Унинг таъкидлашича, “гибрид таҳдидлар” биринчи галда “прокси урушлар”, “сиёсий манипуляциялар”, “иқтисодий босим элементлари”, “халқаро ҳуқуқни манипуляция қилиш”, “терроризм”, “кибер ҳужумлар” каби тушунчаларни назарда тутади. Ўз навбатида Фахретдин Альтун Туркия стратегик коммуникациялар соҳасида ўзаро ҳамкорликнинг глобал марказига айланиш чораларини кўраётганини маълум қилди.  

Бундан ташқари, Туркия ташқи ишлар вазири Фидан Хоқон ўз нутқида бугунги кунда уруш ва тинчлик ўртасидаги чегара тобора ноаниқ бўлиб бораётганини таъкидлади. Шу нуқтаи назардан, у дезинформацияга қарши курашиш учун стратегик алоқалар зарурлигини, бу йўлда барча саъй-ҳаракатларни бирлаштириш кераклигини айтди.

Икки кун давом этган саммитда стратегик коммуникациялар соҳасидаги долзарб масалалар муҳокама қилиниб, 50 дан ортиқ мамлакатдан ташриф буюрган сиёсатчи ва экспертлар дунё давлатларининг ахборот сиёсати ва дезинформацияга қарши курашиш борасида амалга ошириб келаётган сиёсати бўйича фикр алмашди.

Жумладан, “Гибрид таҳдидларнинг янги жабҳалари”, “Гибрид инқирозларда мулоқотдаги қийинчиликлар”, “Ҳақиқат призмасидаги воқелик: гуманитар инқироз ва можароларни фош этиш”, “Янги можаро зоналари: XXI аср инқирозлари ва зиддиятлар” каби мавзуларда 9 та панель сессияси бўлиб ўтди.  

 

Абдулазиз РУСТАМОВ,

ЎзА