ГФР Украинага 200 миллион долларлик ҳарбий ёрдам ажратмоқчи
Германия Киевга ҳарбий техникалар хариди учун қўшимча 200 миллион доллар ажратади. Бу ҳақда ГФР ташқи ишлар вазири Йоханн Вадефуль маълум қилди.
Унинг таъкидлашича, маблағлар АҚШ президенти Дональд Трамп билан келишилган “PURL” дастури доирасида берилади.
Германия мазкур механизм ишга тушгандан буён жорий йил октябрь ойида 500 миллион долларлик қурол-яроғ пакетини молиялаштирди. Шунингдек, ушбу ўлка Нидерландия, Норвегия ва Польша билан ҳамкорликда умумий қиймати 1 миллиард доллар бўлган яна иккита пакетни ҳам молиялаштиришда кўмаклашди.
Бундан ташқари, Германия НАТО жамғармасига 25 миллион евро йўналтиради. Бу маблағ Украина ҳарбийларини қишки шароитда зарур жиҳозлар ва тиббий ёрдам билан таъминлашга қаратилган.
Д.Ҳакимов, ЎзА