Юртимизда баҳор фасли олдидан кузатиладиган ёғингарчилик гидротехника иншоотларининг барқарор ва хавфсиз ишлашини таъминлаш масаласини қўймоқда. Бу эса сув омборлари, тўғонлар ва гидроэлектр станциялар фаолиятини узлуксиз назорат қилишни талаб этади.
Шу муносабат билан “Ўзбекгидроэнерго” АЖ бошқаруви раиси Ислом Абдураҳмонов раҳбарлигида ижро аппаратининг масъул раҳбар-ходимлари ҳамда тизим филиал ва ташкилотлари масъуллари иштирокида видеоконференцалоқа шаклида тезкор йиғилиш ўтказилди.
Унда жамият таркибидаги гидротехника иншоотлари, жумладан, сув омборлари тўғонлари, дарё ўзанларини тўсувчи иншоотлар, сув олиш, сув ўтказиш, сув ташлаш ҳамда қирғоқларни ҳимоя қилиш иншоотларининг серёғин мавсум шароитида хавфсиз ишлашини таъминлаш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, аҳолига режа асосида электр энергиясини узлуксиз етказиб беришда энергия ҳосил қилувчи корхоналарнинг барқарор ишлаб чиқариш суръатини сақлаб қолиш муҳим аҳамиятга эга. Шу боис, гидроэлектр станциялар ва сув омборларида техник қурилмаларнинг ишончли ишлашини таъминлаш, навбатчилик хизматини кучайтириш, ҳар бир объект фаолиятини доимий назорат қилиш, эҳтимолий авария ҳолатларининг олдини олиш учун зарур захира материалларни тайёр ҳолда сақлаш, шунингдек, машина ва механизмлар ҳамда қўшимча асбоб-ускуналарни шай ҳолатга келтириш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилди.
Йиғилиш давомида ижро аппаратининг барча масъул раҳбар-ходимларига тизимда бириктирилган гидроэлектр станциялар ва сув омборлари объектларига чиқиб, белгиланган талаблар асосида ҳар бир йўналиш бўйича амалий ишлар ҳолатини ўрганиш ва қатъий назорат ўрнатиш топширилди.
Тадбир якунида барча масъулларга белгиланган тартибда қатъий топшириқлар берилиб, гидротехника иншоотларининг хавфсиз ишлашини таъминлаш ва энергия ишлаб чиқариш барқарорлигини сақлаш устувор вазифа экани яна бир бор таъкидланди.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА