«Ўзбекгидроэнерго» АЖ ва “Hydro4U” ҳамкорликда янги ГЭС қурилишига технологик ускуналар келтириш учун Европа Иттифоқининг грант маблағлари жалб қилинишига эришилди. Бу ҳақида жамият ахборот хизмати хабар берди.
Бугун пойтахтимиздаги “Raddison Blu” меҳмонхонасида Европа Иттифоқи томонидан молиялаштирилаётган “Horizon 2020» дастури доирасидаги “Hydro4U” – Марказий Осиёда барқарор кичик энергетика» лойиҳасининг йиллик йиғилишида маълум қилинди.
Ушбу лойиҳани амалга ошириш учун Европанинг илғор 12 та академик ва олий таълим муассасалари ҳамда 1 та ишлаб чиқарувчи корхонаси иштирокида “Hydro4U” консорциуми ташкил қилинган.
Таъкидлаш жоизки, икки кун давом этадиган мазкур йиғилишда консорциум аъзолари томонидан ўтган 2021 йилда лойиҳа доирасида амалга оширилган кенг кўламли фаолиятнинг натижалари ҳамда келажакдаги истиқболли режалар муҳокама қилинади.
Бу борада «Ўзбекгидроэнерго» АЖ ва “Hydro4U” консорциуми томонидан ҳамкорликда олиб борилган ишлар натижасида Фарғона вилоятининг сўлим Шоҳимардон қишлоғига қуввати 2,2 мегаваттли ва умумий қиймати 2 миллион еврога тенг ГЭС қурилишига технологик ускуналар келтириш учун Европа Иттифоқининг 1,0 миллион евролик грант маблағларининг жалб қилинишига эришилди.
Шунингдек, жаҳонда ушбу йўналишда етакчи бўлган Австриянинг «Глобал Гидро» компанияси билан технологик ускуналар келтириш учун шартнома имзоланади. Ҳозирда мазкур компания томонидан технологик ускуналарни ишлаб чиқаришга киришилди.
Лойиҳадаги қурилиш-монтаж ишлари, электр энергиясини узатиш ва механик ускуналарни келтириш учун «Ўзбекгидроэнерго» АЖнинг қарийб 12 миллиард сўмлик ўз маблағлари йўналтирилади.
Ушбу ГЭСнинг фойдаланишга топширилиши натижасида йилига қўшимча ўртача 12 800 минг кВт.соат электр энергияси ишлаб чиқарилиши таъминланиши кутилмоқда.
Бу эса Шоҳимардонда яшовчи қарийб 7000 нафар аҳоли ёки 2100 та хонадоннинг электр энергиясига бўлган талабини тўлиғича узлуксиз қондириш ҳамда ушбу ҳудудда ишлаб чиқариш ва туризмни ривожлантириш орқали янги иш ўринларини яратиш имконини беради.
Шу сабабли, мазкур лойиҳа, авваламбор, инсон қадрини юксалтириш ва адолатли ижтимоий сиёсат йўлида Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан олиб борилаётган улкан ишларнинг Шоҳимардон қишлоғидаги кичик бир амалий кўриниши ҳисобланади.
Бундан ташқари, мазкур лойиҳа доирасида қўлланилаётган блок-модулли микро ГЭС ускуналари қурилиш харажатларини қарийб 500 минг еврога иқтисод қилиш имконини яратди.
Алоҳида айтиш жоизки, Ҳамдўстлик мамлакатлари учун янги бўлган Европанинг инновацион блок-модуль микро ГЭСларини ўрнатиш тажрибаси келажакдаги гидроэнергетика соҳасини янада ривожлантиришда катта аҳамият касб этади. Шартнома графигига мувофиқ, Шоҳимардон ГЭСи 2023 йилнинг сентябрь ойида фойдаланишга топширилади.
Насиба Зиёдуллаева тайёрлади, ЎзА