Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Германиянинг ГИЗ ташкилоти билан англашув меморандуми имзоланди
16:29 / 2026-02-18

Жамиятнинг юксалиши азал-азалдан йўлга қўйилган алоқалар натижасида юз берган. Шунинг учун ҳам жаҳон тажрибасини ўзлаштириш, юртимиздаги мавжуд тажрибани янада такомиллаштириш мақсадида халқаро ҳамкорликлар изчил давом эттирилмоқда.

ТехВЕТ лойиҳаси доирасида А.Авлоний номидаги педагогик маҳорат миллий институти, Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (ГИЗ) ҳамда Ўқувчиларни касб-ҳунарга йўналтириш ва психологик-педагогик республика ташхис маркази ўртасида “Ўзбекистон касб-ҳунар таълими тизимини ислоҳ қилиш ва модернизация қилиш жараёнини қўллаб-қувватлаш” бўйича ўзаро англашув меморандуми имзоланди.  

Ўқувчиларни касб-ҳунарга йўналтириш, касб-ҳунар таълимини ривожлантириш ҳамда дуал таълим тизими учун юқори малакали кадрлар тайёрлаш йўналишларида ҳамкорликни кучайтиришга қаратилган меморандум доирасида муҳим устувор йўналишлар белгиланди.

Техникум директорлари учун ташкил этилаётган менежерлик ўқув курсларининг ўқув режа ва дастурларини ишлаб чиқиш, касб-ҳунарга йўналтириш бўйича мактаб маслаҳатчилари, психологлари ва синф раҳбарларининг малакасини ошириш, ГИЗнинг ТехВЕТ лойиҳаси доирасида тўпланган халқаро тажрибани таълим амалиётига жорий этиш, таълим жараёнига янги методологиялар ва замонавий ёндашувларни татбиқ этиш, тренерларни тайёрлаш дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, касб танлаш ва касбий ривожланиш бўйича ахборот-маърифий фаолиятни кучайтириш, мактабгача ва умумий ўрта таълим босқичлари учун касбга йўналтириш дастурларини ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий этиш шулар жумласидан.

Шунингдек, касбий таълим ташкилотлари директорлари ва педагогларнинг касбий салоҳиятини оширишга қаратилган қўшма ташаббусларни амалга ошириш ҳам режалаштирилган.

Таъкидланишича, мазкур ҳамкорлик юртимиз таълими ривожидаги яна бир янги босқич сифатида баҳоланади.

Шербек Исломов, ЎзА