Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Германиянинг 2026 йилги бюджети тасдиқланди: Украинага рекорд даражада ёрдам ажратилади
10:32 / 2025-11-30

Бундестаг Германиянинг 2026 йилги федерал бюджетини тасдиқлади. Мазкур лойиҳа Украинага мисли кўрилмаган даражада ёрдам кўрсатишни назарда тутади.

“Spiegel” нашри ёзишича, парламент аъзолари канцлер Мерц ҳукуматининг 524,5 миллиард евро миқдоридаги харажатини маъқуллаган. Бу жорий йилги бюджетга нисбатан 21,5 миллиард евро кўп.

Ушбу маблағни тўплаш учун тахминан 98 миллиард евро қарз, шунингдек Бундесверни модернизация қилиш ва инфратузилмани ривожлантириш дастурлари каби махсус фондлардан кредит ажратилиши режалаштирилган. Барча харажатнинг учдан бир қисми меҳнат ва ижтимоий таъминот соҳасига йўналтирилади. Мудофаа сарфи 108 миллиард еврога етади. Бу совуқ уруш тугагандан кейинги давр учун энг юқори кўрсаткич.

Алоҳида бюджет моддасида Украинага 11,5 миллиард евро миқдорида ёрдам ажратилган. Шу тариқа Германиядан Украинага 2022 йилдан сўнг ажратилган энг кўп йиллик ёрдам тўплами ҳисобланади. Ушбу маблағ артиллерия, дрон, зирҳли транспорт воситалари ва бошқа қуроллар сотиб олиш учун мўлжалланган. Демак, ГФР ҳукумати Киевни стратегик қўллаб-қувватлаш ва Европа хавфсизлигини мустаҳкамлашга содиқ қолишини тасдиқлайди. Дарвоқе, 26 ноябрь куни Берлин Киевга қишки ёрдам сифатида 170 миллион евро берилишини ҳам эълон қилган эди. С.Раҳимов,

 ЎзА