Германиядаги ватандошлар COVID-19 оқибатларига қарши курашишда бирлашмоқда
Бу жараёнда хориждаги дипломатик ваколатхоналаримиз ҳам фаол иштирок этиб, чет элда бўлиб турган ватандошларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаб келмоқда.
Мамлакатимизда дунё бўйлаб кенг тарқалаётган янги турдаги коронавирусга қарши фаол курашиш, касаллик оқибатлари ортишининг олдини олиш, халқимизни ушбу офатдан ишончли ҳимоя қилиш ҳамда мазкур танг ҳолатнинг иқтисодиётимизга салбий таъсирини камайтириш мақсадида қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Бу жараёнда хориждаги дипломатик ваколатхоналаримиз ҳам фаол иштирок этиб, чет элда бўлиб турган ватандошларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаб келмоқда.
Жумладан, Ўзбекистоннинг Франкфурт-Майн шаҳридаги Бош консулхонаси айни вазифалар ижроси доирасида Германия жанубий ерларида яшаб, турли соҳаларда фаолият олиб бораётган ҳамюртларимиз билан онлайн-суҳбат ташкил қилди. Мулоқот давомида “COVID-19”га қарши биргаликда фаол курашиш бўйича атрофлича фикр алмашилди. Бу ҳақда “Дунё“ АА хабар берган.
Видеоконференция аввалида хориждаги ҳамюртларимизга мамлакатимизда коронавирус кенг тарқалишининг олдини олиш мақсадида кўрилаётган самарали тадбирлар, пандемиянинг иқтисодиётга ножўя таъсирини пасайтириш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.
Германиядаги ватандошларимиз, ўз навбатида, синовли кунларда юртимиз, халқимиз ва хорижда қийин аҳволда қолган ҳамюртларимизни қўллаб-қувватлашда фаол иштирок этишга, ўзаро келишувда очилган махсус ҳисоб рақами орқали тегишли молиявий кўмакни ташкил қилишга тайёр эканликларини билдирди.
Шунингдек, мулоқот чоғида мамлакатимизга кенг кўламли сармоявий ва инсонпарварлик ёрдамини жалб қилиш бўйича шахсий ҳамда хорижлик ҳамкорлар имкониятларини ўрганиб, тез кунларда аниқ лойиҳа ва дастурлар ишлаб чиқишга келишиб олинди.
Учрашув якунида ватандошлар билан онлайн платформадан мунтазам фойдаланган ҳолда ўзаро фикр алмашиб туришга қарор қилинди.