Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Германияда халқаро симпозиум ўтказилди
18:58 / 2024-04-12

Бугунги кунда таълим, илм-фан ва ишлаб чиқаришнинг ўзаро боғлиқлиги ва уйғунлашувини таъминлаш, бу борада халқаро тажрибаларни ўрганиш ва таҳлил этиш, хорижлик ҳамкасблар билан фикр ва тажриба алмашиш долзарб аҳамият касб этади.

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ва “Янги Ўзбекистон” университети томонидан Германиянинг Мюнхен техника университетида “Чегараларсиз: Германия ва Ўзбекистон ўртасида таълим, фан ва саноат бўйича ҳамкорликнинг янги босқичи имкониятлари” мавзусида халқаро симпозиум бўлиб ўтди.

Симпозиумни очар экан, мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова янгиланаётган Ўзбекистонда таълим соҳасида кечаётган ўзгаришлар, ташкил этилаётган янги ўқув масканлари, бунда халқаро ҳамкорликнинг тобора кенгайиб  бораётгани хусусида батафсил сўзлади.  

Ушбу йирик нуфузли халқаро тадбирда  юртимиздан Энергетика вазирлиги, “Ўзавтосаноат”, “Uzbekistan airways”, “O‘zmetkombinat” акционерлик жамиятлари, “Ўзелтехсаноат” уюшмаси, “Олмалиқ Кон-металлургия комбинати”, “Навоий Кон-металлургия комбинати”,  “Ўзчармсаноат”, “Ўзкимёсаноат” акционерлик жамиятлари,  “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси вакиллари ҳам иштирок этди.

Тадбирда Германиянинг илғор университетлари ва Siemens, Knorr-bremse, Airbus, Deloitte, IT4IPM, Linde  каби нуфузли немис саноат компаниялари ҳам қатнашди.

Симпозиум давомида мамлакатимизда таълим, илм-фан ва саноат ўртасидаги ҳамкорлик бўйича амалга оширилган ишлар ва келгусида Германиянинг бу борадаги илғор тажрибаси асосида яхлит тизим яратиш мақсад қилинган.  

Маърифий анжуманда ўқув жараёни, илм-фан ва ишлаб чиқаришнинг ўзаро интеграциялашувига оид илғор тажрибалар, бу борадаги янги истиқболлар атрофлича муҳокама этилди, деб хабар қилмоқда Мактабгача  ва мактаб таълими вазирлиги ахборот хизмати.  

Н.Усмонова, ЎзА