Германияда, 70 йил аввалги даврга қараганда, умр кўриш давомийлиги ўсиш суръати пасайган. Федерал статистика бошқармаси маълумотига кўра, бу юртда ўтган аср 50-йилларида 65 ёшдан катта аҳоли улуши, қарийб, 10 фоизни ташкил этган бўлса, 2021 йил бу кўрсаткич 22 фоизга етди.
Худди шу даврда 15 ёшгача бўлганлар улуши 23 фоиздан 14 фоизга тушди. Меҳнатга лаёқатли (15-64 ёш) аҳоли сони, деярли, ўзгаришсиз қолди.
1950 йилдаги 69,3 миллион аҳоли 2021 йилга келиб 83,2 миллионга етиб, 20 фоиз ўсиш намоён бўлган.
XXI аср биринчи ўн йиллиги охиригача сезиларли суръатда кузатилган ўртача умр кўриш даражаси ўсиши вақт ўтиши билан секинлаган. Мутахассислар айни ҳолатни “оралиқ кучли грипп тўлқини” ва коронавирус пандемияси билан боғлайди.
Аҳоли кексайишига туғилиш суръати пасайиши ҳам таъсир кўрсатмоқда. Мазкур тенденция миграция ҳисобига қопланмоқда. Ўтган йил 1950 йилдан бери энг катта соф ўсиш қайд этилди. Украиналик қочқинларни ҳам қўшиб ҳисоблаганда, аҳоли бир ярим миллион кишига кўпайган. Ўтган даврда ушбу давлатдан кўчиб кетганлардан кўра, мамлакатга кириб келиш ҳолати кўпроқ содир бўлган. Бу туғилиш камомадини тўлдиради. 1972 йилдан буён Германияда ҳар йили туғилишга нисбатан ўлим ҳолати кўп қайд этилмоқда.
ЎзА