Мамлакатимизда хотин-қизларнинг касбий салоҳиятини юксалтириш ва тўқимачилик саноатида замонавий билимларни жорий қилишга қаратилган қатор ташаббуслар амалга оширилмоқда.
Шу доирада Ўзбекистоннинг тўқимачилик соҳасида фаолият олиб бораётган бир гуруҳ аёллар Германияга йўл олиб, нуфузли олийгоҳларда малакаларини ошириш имкониятига эга бўлди.
Айни пайтда “Gesamtmasche” ташкилоти кўмаги ва “GUZ Partners” дастури доирасида аёллар Германиянинг Albstadt-Sigmaringen университетида махсус ўқув дастурларида иштирок этмоқда.
Машғулотлар жараёнида улар меҳнатни самарали ташкил қилиш, иш жараёнларини стандартлаштириш, замонавий тикиш технологиялари ва сифат назорати каби муҳим йўналишларда билим олмоқда. Шунингдек, меҳнат муҳофазаси, 3D моделлаштириш, рақамли нақш яратиш ҳамда “Lean Management” усуллари бўйича тажриба ўрганиш имконияти яратилган.
Бу ташаббус хотин-қизларнинг касбий кўникмаларини кенгайтириш, уларнинг салоҳиятини янада мустаҳкамлаш, энг асосийси, Ўзбекистон тўқимачилик саноатига илғор Европа тажрибасини татбиқ этишда муҳим аҳамият касб этади.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА