Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Германияда Ўзбекистон мустақиллигининг 33 йиллигига бағишланган тантанали тадбир ўтказилди
17:48 / 2024-09-30

Куни кеча Ўзбекистоннинг Германиядаги элчихонасида мамлакатимиз мустақиллигининг 33 йиллигига бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди.

Унда ГФРнинг расмий, сиёсий, ишбилармон доиралари ва жамоатчилик вакиллари, шунингдек, Берлинда аккредитациядан ўтган хорижий мамлакатларнинг элчилари ва дипломатик ваколатхоналар ходимлари ва журналистлар  иштирок этди.

Тадбирда немис томонидан фахрий меҳмон сифатида Германия Бундестаги (парламенти) аъзоси, ГФР ҳукуматининг Марказий Осиё, Жанубий Кавказ ва Молдова билан жамиятлараро алоқалар бўйича мувофиқлаштирувчиси Р.Вагенер, Германия Ички ишлар ва Ватан федерал вазирлиги департаменти директори У.Вайнбреннер қатнашди.

Байрам тадбири бошланиши олдидан Ўзбекистон ва Германия давлатларининг мадҳиялари жонли ижрода янгради. 

Шундан сўнг тантанали тадбирда Ўзбекистоннинг Германиядаги Фавқулодда ва мухбор элчиси Д.Аҳатов  мустақиллик йилларида, айниқса,  Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли демократик, ҳуқуқий ҳамда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар хусусида сўзлаб, мамлакатимизнинг барча соҳаларда босиб ўтаётган тараққиёт йўлини, жумладан, октябрь ойида ўтказилиши кутилаётган парламент сайловлари аҳамиятини алоҳида таъкидлади. 

Бугунги кунда Ўзбекистон ва Германия ўртасидаги икки томонлама ҳамкорлик ҳар қачонгидан ҳам жадал ва самарали ривожланмоқда. Яқинда Германия Федерал Канцлерининг Ўзбекистонга расмий ташрифи икки томонлама муносабатлар тарихида муҳим воқеа бўлди. Бу ташриф кенг қамровли ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиққишга хизмат қилади.

– Мазкур ташриф жуда самарали бўлди. Ҳукумат раҳбарининг Ўзбекистонга расмий ташрифи давомида эришилган муҳим ҳукуматлараро битим ва келишувлар, шунингдек, Марказий Осиё билан ўрнатилган минтақавий шериклик Германия учун бу муносабатларнинг стратегик аҳамияти юқори эканлигини кўрсатди. Мен "Яшил Марказий Осиё" ташаббуси доирасида барчамиз ҳамкорликда ишлашимиз лозим, деб ўйлайман. Таълим ва илм-фан соҳасида ҳам ҳамкорлик изчил давом этяпти. Ўзбекистонда немис тилини ўрганиш хоҳишида бўлган ёшлар сони 400 мингдан зиёд кишини ташкил этади. Бу мамлакатларимиз ҳамкорлиги учун жуда яхши имкониятлардан биридир. Германия ҳукуматининг, айниқса, мамлакатларимиз ўртасидаги жамиятлараро алоқаларнинг координатори сифатида Президентингизнинг Ўзбекистонда амалга ошираётган ислоҳотларини шахсан диққат билан кузатиб бораман. Бу мен учун жуда муҳимдир. Мамлакатингизда ўтган даврда бу борада катта ютуқларга эришилди. Ушбу йўлдан биргаликда давом этиш манфаатлидир ва Германия бундай ғояларни амалга оширишда ҳамкор бўлишга тайёр.  Фурсатдан фойдаланиб, мен Ўзбекистон халқини мустақиллик байрами билан табриклайман, – деди Германия Бундестаги (парламенти) аъзоси, ГФР ҳукуматининг Марказий Осиё, Жанубий Кавказ ва Молдова билан жамиятлараро алоқалар бўйича мувофиқлаштирувчиси Р.Вагенер. 

Элчихонамизнинг маълум қилишича, ушбу тантанали тадбирда мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёни, иқтисодий ва туризм салоҳияти ҳақида ҳикоя қилувчи видеолавҳалар тақдим этилди. Намойиш қилинган  маданий дастур эса иштирокчиларга кўтаринки кайфият бағишлади.

Н. Зиёдуллаева, ЎзА