Германия Федератив Республикаси пойтахти Берлин шаҳри марказида Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси, мамлакатимизнинг ушбу давлатдаги элчихонаси ҳамда немис ишбилармонлари ташаббуси билан юртимизда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар тақдим этиладиган “UZ Trade House Germany” илк савдо уйи тантанали равишда очилди.

Палатанинг ГФРдаги расмий ваколатхонаси сифатида фаолият юритадиган, пойтахтдаги “Бранденбург дарвозаси” ёнида, энг нуфузли меҳмонхоналардан бири “Адлон” биносида жойлашган ушбу мажмуада республикамизнинг тўқимачилик, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат, электротехника ва саноатнинг бошқа тармоқлари экспортбоп маҳсулотлари мунтазам намойиш қилинади.
Тадбирда Элчи Дилшод Аҳатов, Германия Кичик ва ўрта бизнес федерал уюшмаси раҳбари А.Ян, Бундестаг Иқтисодиёт ва энергетика қўмитаси аъзоси С.Людвиг, шунингдек савдо уйи раҳбари Ж.Бакос иштирок этди.
Эндиликда юртимиз фирма ва компаниялари мазкур савдо уйи билан ҳамкорлик ўрнатиб, ўз маҳсулотларини Германия ва немис тилида сўзлашадиган мамлакатларга экспорт қилиш, хорижий инвестиция ва замонавий технология жалб этиш имконига эга.

Жаноб Бакос таъкидлашича, “UZ Trade House Germany” Ўзбекистонда “Made in Uzbekistan” бренди остида ишлаб чиқарилган маҳсулотларни Германия бозорига етказиб беришда ўзбек ва немис компаниялари ўртасида ўзига хос кўприк вазифасини бажаради ҳамда икки давлат бизнес вакиллари ҳамкорлигини мустаҳкамлашга кўмаклашади.
М.Пирматова, ЎзА