Германиянинг етакчи «Trescher Verlag» нашриёти Ўзбекистонга хорижий сайёҳларни жалб этиш мақсадида эзгу ишга қўл уриб, “Ўзбекистон: Ипак Йўли бўйлаб Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва Хива томон” номли сайёҳлар учун қўлланмани немис тилида чоп этди.
Ўзбекистоннинг Германиядаги элчихонаси маълум қилишича, мазкур қўлланмада немисзабон сайёҳларга мамлакатимизнинг барча ҳудудларидаги таниқли сайёҳлик масканлари, тарихий осори-атиқалар ҳамда зиёратгоҳлар, экологик, маданий, гастрономик, спорт ва бошқа турдаги янги туризм соҳалари ҳақида батафсил маълумот берилган. Унда сайёҳлар учун зарур умумий маълумотлар, жумладан, шаҳарлараро йўналишлар харитаси, йирик меҳмонхоналардан тортиб уй-меҳмонхоналаргача, ўзбек миллий таомлари турлари, сайёҳлар учун керакли манзилгоҳлар, расмий интернет саҳифалари ва бошқа маълумотлар ҳам жамланган.
Янги таҳрирда 500 бетдан зиёд ҳажмда ранг-баранг суратлар билан чоп этилган сайёҳлар китобининг янгилиги шундаки, унда муаллифлар Бодо ва Ирина Тонслар хорижлик сайёҳнинг мулоқоти учун зарур бўлган немис-ўзбек-рус тилларида луғат тақдим этилган. Туристлар диёримизнинг тарихий-маданий обидаларидан завқ олишлари билан бирга ўзбек халқининг адабиётидан баҳраманд бўлишлари учун немис тилига ўгирилган ўзбек адабий асарлари рўйхати ва улардан парчалар келтирилган. Масалан, улар орасида Ғафур Ғуломнинг “Шум бола” асари ҳам бор.
Сайёҳлик соҳаси мутахассисларининг фикрича, мазкур саёҳат қўлланмаси нафақат Германия, балки бошқа немисзабон мамлакатлар фуқароларида юртимизнинг туристик жозибадорлиги ҳақида катта таассурот қолдириши билан бирга уларнинг хабардорлигини ҳам оширади, қолаверса, ўз навбатида, Германиядан республикамизга ташриф буюрадиган сайёҳлар сонининг ортишига хизмат қилади.
Маълумот ўрнида шуни айтиш мумкинки, “Trescher Verlag” Германиянинг туризм соҳасидаги энг етакчи нашриётларидан бўлиб, ўзининг ишончли ва аниқ далиларга бой, мазмундор нашрлари билан ўқувчилар эътиборини қозонган. Бугунга қадар нашриётнинг Европа, Осиё, Яқин Шарқ, МДҲ ва Африка давлатларига бағишланган 160 дан ортиқ сайёҳлик қўлланмалари чоп этилган.
Н.Зиёдуллаева тайёрлади, ЎзА