Ўзбекистоннинг Франкфурт-Майн шаҳридаги Бош консуллиги томонидан «Ҳумо» немис-ўзбек маданий жамияти билан ҳаморликда ватандошлар фарзандлари учун «Ўзбек тили ва маданияти» махсус ўқув курслари ташкил қилинди.
Ушбу ўқув курсларининг тантанали очилиши маросимида Бош консул Олимжон Абдуллаев мамлакатимизда кечаётган ислоҳотлар, жумладан, хориждаги юртдошларни қўллаб-қувватлашга қаратилган кенг кўламли чора тадбирлар билан таништирди.
Таъкидлаш керакки, «Ўзбек тили ва маданияти» махсус курслари учун дарслик ва қўлланмалар «Ватандошлар» жамоат фонди томонидан тақдим этилди.
«Ҳумо» немис-ўзбек маданий жамияти раиси Отабек Холиқбоевнинг таъкидлашича, ушбу курсларда нафақат Франкфурт ва унга яқин аҳоли пунктларидан келган ўзбек оилаларининг фарзандлари, балки ўзбек халқининг тили, маданияти ҳамда анъаналарига қизиқувчи барча ватандошлар ва чет фуқаролари қатнашишлари мумкинлигини билдирди.
Тадбирда юртдошларимиз ва уларнинг фарзандлари, Франкфуртнинг туб аҳолиси вакиллари ҳам иштирок этди. Улар томонидан маҳаллий аҳоли ўртасида ўзбек тилини ўрганишга бўлган қизиқиш тобора ортиб бораётгани айтиб ўтилди.
Хусусан, рассом Лаура Зерлачнинг фикрича, тил миллатнинг ўзлигини, унинг маънавий салоҳиятини белгилайди. Тил – халқ тарихи ва давлат тараққиётининг кўзгусидир. Ўзбек тили халқнинг кўп асрлик маданий, илмий, маънавий ва бадиий тафаккури, интелектуал салоҳиятининг бебаҳо маҳсули сифатида дунёнинг бой ва қадимий тиллари қаторидан ўрин олган. Ўғлим бугундан бошлаб ўзбек тилини ўрганишни бошлади. Машғулотлар давомида ўзбек тили маданияти ва анъанаси, шунингдек, адабий асарлар билан яқиндан танишганимиздан хурсандмиз.
ЎзА