Германияда карантин 14 мартга қадар узайтирилиши мумкин
Германияда вирус тарқалишининг олдини олиш учун карантин чораларини 14 мартга қадар узайтириш режалаштирилмоқда. Бугун канцлер Aнгела Меркел ва федерал ўлкалар раҳбарлари мазкур лойиҳани муҳокама қилди.
Мамлакатда инфекция юқтириб олганлар сезиларли даражада камайган, аммо вируснинг янги штамми касалликка чалинганлар сонига таъсир қилиши мумкин. Aйни пайтда касаллик бўйича хавотирлар кучаймоқда. Шу боис, федерал ерлар раҳбарлари баҳор ўрталарига қадар чекловларни сақлаб қолишга қарор қилган.
Дарвоқе, ҳужжат лойиҳасида сартарошхоналар 1 мартдан бошлаб карантин талабларига қатъий риоя қилган ҳолда иш бошлаши мумкинлиги айтилган.
Германияда сўнгги бир сутка ичида 8072 кишида вирус аниқланган, 813 нафар бемор вафот этган. Бу ҳақда мамлакат соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар берди.
Маълумот ўрнида: бугунги кунгача ушбу мамлакатда вирус қурбонига айланганлар сони 62 минг 969 кишига етди.