Германия Федератив Республикасидаги консерватив қарашни ёқловчи Христиан-демократлар иттифоқи етакчилигига Фридрих Мерц сайланди. «РИА Новости» хабарига кўра, бўлиб ўтган онлайн-съездда унинг номзодини қўллаб-қувватлаб 95 фоиз аъзо қўл кўтарган. Овоз бериш жараёни «Phoenix” телеканалининг тўғридан-тўғри эфири орқали намойиш қилинди.
Ўзининг сайлов олди нутқида Мерц ГФРнинг амалдаги канцлери, социал-демократ Олаф Шольцга қарши кескин ахборот хужуми уюштирди. Жумладан, рақобатчисини Европада юзага келаётган инқироз асносида қитъа хавфсизлигини таъминлаш бўйича амалда ҳеч қандай ҳаракат қилмаётганликда айблади. Мерц ҳукумат раҳбари ҳануз Москвага ҳам, Вашингтонга ҳам ташриф уюштирмаганини иддао қилган. Сиёсатчининг таъкидлашича, ваҳоланки, бундан аввалги раҳбарлар — ўтган асрнинг 70-йилларидан бошлаб ҳокимият тепасига келган етакчилар дарҳол халқаро аҳволни мувофиқлаштиришга фаол киришган, турли ташаббусларни илгари сурган ва хорижий шериклар билан мулоқот олиб борган.
Мерц 2018 йил Ангела Меркель 18 йиллик фаолиятидан сўнг партия етакчилигини топширгандан кейинги даврда ХДИнинг учинчи раиси сифатида лавозимга ўтирди. Сиёсатчи аввал ҳам икки бор партия раҳбарлигини эгаллашга уриниб, курашни 2018 йил декабрида Аннегрет Крамп-Карренбауэрига, ўтган йил январь ойида Армин Лашетга бой берди.
2021 йил декабрда эса Мерцнинг номзоди партия раислигига ХДИ тарихида илк бор жорий қилинган аъзолар ўртасида сўров ўтказиш йўли билан овоз бериш натижасига кўра тасдиқланди ва у Лашетнинг ўрнини эгаллади. Дарвоқе, 2021 йил бўлиб ўтган Германия бундестагига сайловда немис консерваторлари айнан Лашет бошчилигида охирги 16 йил мобайнида биринчи бор мағлубиятга учради.
Таъкидлаш жоиз, ХДИ янги раҳбарининг Меркель билан муносабати ҳавас қиларли эмас. Маҳаллий ОАВ хабарига қараганда, Ангела хоним Мерцнинг кечки овқатга таклифини рад этган. Худди шундай учрашувни аввалги канцлернинг тарафдори, ХДИ партияси собиқ раиси Аннегрет Крамп-Карренбауэр ҳам хоҳламади. DPA агентлиги ахборотидан эса Меркелнинг партия фахрий раиси лавозимини эгаллаши ғояси бўйича билдирилган таклиф ҳам қайтарилган.
ХДИнинг парламентдаги фракцияси собиқ раҳбари, сиёсий фаолиятни вақтинча тарк этишига олдинги канцлер билан ўзаро келишмовчилиги сезиларли таъсир кўрсатган Мерц маълум муддат бизнес билан фаол шуғулланди, ГФРнинг қатор йирик компаниялари, концернларида ўзига хос таъсир кучига эга лавозимларда ишлади. 2018 йилда у яна сиёсий майдонга қайтди.
Интернет материаллари асосида
Ғайрат ХОННАЗАРОВ тайёрлади.