Германия Бундестагидаги ўта ўнг “Германия учун муқобил” (AdG) партияси фракцияси раҳбари ўринбосари Маркус Фронмайер Москвага сафар қилишни режалаштиргани учун ҳукумат коалицияси вакиллари томонидан кескин танқидга учради. Бу ҳақда “Handelsblatt” нашри хабар берган.
Фронмайер кейинги йил баҳорда Россияга бориш нияти борлигини билдирган эди. Немис сиёсий доираларида бу ният мамлакат миллий хавфсизлигига таҳдид сифатида баҳоланмоқда.
Бундестагда махсус хизматлар фаолиятини назорат қиладиган қўмита раиси Марк Хенрихман таъкидлашича, “AdG партияси доим миллий хавфсизликка хавф туғдирган, фракциянинг кўплаб аъзолари демократия душмани, айниқса Владимир Путин манфаатига хизмат қиладиган сиёсатчилар”.
Христиан-демократлар иттифоқи вакили Родерих Кизеветтер партия раҳбариятидан сафар бекор қилинишини талаб қилмоқда.
– AdG Кремлнинг овози ва чўзилган қўлига айланган, – дейди у. – Сафар орқали махфий маълумот сизиб чиқиши мумкин.
Ижтимоий-демократик партия (ГИДП) вакили Себастьян Фидлер эса Фронмайерни “Россия таъсир амалиётининг бир қисми” деб атади:
– Бу тасодифий ҳаракат эмас, балки Европа демократик тизимини бўлиб ташлашга қаратилган гибрид урушнинг бир бўлаги. AdG ватан хиёнатчилари партияси бўлиб, Германия эркин жамияти ва демократияси учун жиддий таҳдид.
Руминияда туғилиб, Штутгарт яқинида ўсган, партия раҳбарларидан бири Алис Вайделнинг яқин ҳамкори ҳисобланган 34 ёшли Маркус Фронмайер Баден-Вюртемберг минтақавий бўлимига раҳбарлик қилади. У аввал ҳам Россия билан яқин алоқаси, Қрим ҳамда Донецкдаги сепаратистлар анжуманидаги иштироки билан танилган. “Der Spiegel” журнали 2019 йил Маркусни “Путиннинг қўғирчоғи” деб атаган.
Сиёсатчининг сўзларига кўра, Москвага сафар қилишдан мақсад “мулоқот воситаларини сақлаб қолиш”.
– Фикримча, алоқаларни сақлаб қолиш муҳим, чунки урушдан кейин янги давр бошланади, – деди Фронмайер немис телеканалига берган интервьюсида.
Дилшод Ҳакимов, ЎзА