Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Германияда аэропорт хавфсизлик хизмати ходимлари иш ташлаш эълон қилди
20:37 / 2022-03-15

“Deutsche Welle” агентлиги маълумотига кўра, Германиянинг қатор аэропортларида хавфсизлик хизмати ходимлари иш ташлаш эълон қилди.

– Мамлакатда коронавирус касаллиги пайдо бўлганидан буён аэропорт ходимларининг моддий аҳволи ёмонлашган. Қолаверса, Украинадаги вазият ҳам иқтисодий инқирозга олиб келиши турган гап. Шу кунларда, айниқса, нархларнинг сунъий равишда ошиб бораётгани оммавий иш ташлашга сабаб бўлган, – дея муносабат билдиряпти Германия оммавий ахборот воситалари.

Хабарда айтилишича, ишини ташлаб кетаётган ходимлар орасида йўловчилар ва уларнинг юкларини жўнаш олдидан рўйхатдан ўтказувчи, шунингдек, оммавий юк ташиш операцияларини кузатувчи ишчилар бор.

Улар иш ҳақи соатига камида 1 еврога оширилишини талаб қилмоқда. Бунинг ортидан юзлаб рейслар бекор қилинган, шу боис, Дюссельдорф аэропортидаги хавфсизлик назорат пунктлари олдида йўловчиларнинг турна навбатлари ҳосил бўлган.

Ишчилар касаба уюшмаси Берлин, Дюссельдорф, Бремен, Ганновер, Лейпциг, Кёльн ва Бонн аэропортларида мазкур жараён бир неча кун давом этиши тўғрисида ахборот берган. Уюшма ҳозирча Мюнхен аэропорти ходимлари иш ташлашга қўшилганини очиқлайди.

Қайд этишларича, Германиянинг энг йирик аэропорти – Франкфуртда ҳам ишчилар фаолиятини тўхтатиши кутилмоқда. Аэропорт расмийлари аллақачон сайёҳларни огоҳлантирган эмиш.

Кеча куннинг биринчи ярмида Дюссельдорфда 160 та, Кёльн ва Бонн шаҳарларида эса 94 та рейс бекор қилинган. Берлинда йўловчилар парвоз кечикаётганидан норози.