Сирдарё вилояти соғлиқни сақлаш тизимига республикамизда биринчилардан бўлиб жорий этилган давлат тиббий суғуртаси механизмлари, у асосда ташкил этилган иш жараёнлари билан танишиш мақсадида Германия халқаро ҳамкорлик жамиятининг соғлиқни сақлашни молиялаштириш бўйича эксперти Лайош Ковач бошчилигидаги делегация Сирдарёга келди.
Улар Давлат тиббий суғурта жамғармаси Сирдарё вилоят ҳудудий бўлими ҳамда Сирдарё вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасида бўлиб, мазкур муассасаларнинг раҳбарлари ва ходимлари билан учрашди. Давлат тиббий суғуртаси механизмларини такомиллаштириш юзасидан фикр алмашилди.

Делегация аъзолари Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси Сирдарё вилоят ҳудудий бўлими, Сирдарё вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасининг ходимлари ҳамроҳлигида Гулистон шаҳар тиббиёт бирлашмаси, унга қарашли 4-сонли оилавий поликлиника ҳамда Гулистон тиббиёт кластерида бўлишиб, давлат тиббий суғуртаси механизмлари асосида аҳолини саломатлик кўрсаткичи бўйича хавф гуруҳига ажратиш, улар рўйхатини шакллантириш борасида олиб борилаётган ишлар билан танишди.
–Ўтган 2023 йил ва жорий йилнинг шу бугунига қадар Сирдарёга бир қанча халқаро ташкилотларнинг мутахассислари ташриф буюриб, Сирдарё вилояти соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган ишлар билан танишиш асносида соҳа ходимлари билан тиббий суғурта тизими бўйича тажриба алмашди,–дейди Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси Сирдарё вилоят ҳудудий бўлими бошлиғи Олимжон Бекмуродов.– Бу бизга нима беради, деган савол туғилиши, мумкин. Ўйлаб қарайдиган бўлсак, давлат тиббий суғуртаси билан боғлиқ давлат дастури кичкина бир лойиҳа эмас. Уни соҳага жорий этишда, албатта, халқаро эксперт ва кузатувчиларнинг фикри ва тавсияси муҳим ўрин тутади. Бу эса ўз навбатида давлат тиббий суғурта механизмларини соғлиқни сақлаш тизимига босқичма-босқич жорий этиш, ушбу механизм асосида аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини юқорига кўтариш имконини беради.

Ташрифдан кўзланган мақсад давлат тиббий суғуртаси тизимини келажакда бошқа вилоятларга татбиқ қилиш учун ходимларни ўқитиш бўйича тренинг дастури ишлаб чиқишдир.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири