Маданият ва туризм вазирининг биринчи ўринбосари Улуғбек Aъзамов “ITB-Berlin” туристик ярмаркаси доирасида Германия туризм ассоциацияси (DRV) президенти Норберт Фибиг ва туризм йўналишида фаолият юритаётган қатор раҳбарлар билан учрашди.
Томонлар Германияда ва Европанинг бошқа давлатларида Ўзбекистон сайёҳлик имижини ошириш, мамлакатимиз маданияти ва туризм салоҳиятини кенг тарғиб қилиш ҳамда европалик сайёҳлар оқимини юртимизга йўналтиришга қаратилган алоқани мустаҳкамлаш масаласида музокара олиб борилди. Шу билан бирга Германия туризм индустрияси айланмасининг қарийб 90 фоизини бирлаштирган DRV билан ҳамкорликда 2023 йил 11-17 май кунлари юртимизда ўтказиладиган “Uzbekistan Destination Forum”га тайёргарлик жараёни муҳокама қилинди.
Маълумот ўрнида айтиш керак, мазкур лойиҳа доирасида Германия, Aвстрия ва Швейцариянинг йирик сайёҳлик ташкилотлари, тур операторлари, меҳмонхона ва авиакомпаниялар вакиллари билан ”B2B” учрашувлар, семинар ва музокаралар ташкил этиш кўзда тутилган.
DRV раҳбари Ўзбекистон ва Германия ҳукуматлари ўртасидаги мавжуд дўстона алоқа ҳамда туризм соҳасидаги улкан салоҳиятимизни инобатга олиб, мазкур режани амалга оширишдан манфаатдор эканини қайд этди. Шунингдек, ассоциация имкониятидан фойдаланган ҳолда, Германия бўйлаб Ўзбекистонни кенг тарғиб қилиш, маркетинг тадқиқоти ўтказиш, кўҳна қитъа сайёҳлари учун янги туристик йўналишлар яратиш ҳамда мамлакатимизни энг яхши йўналиш сифатида очиб берувчи PR кампанияси ташкил этиш режалаштирилганини таъкидлади.
Учрашув якунида ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш мақсадида Маданият ва туризм вазирлиги ва DRV ассоциацияси ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзоланди.
ЎзА